"Адабиёт дунёси" — муҳташам адабий обида

Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровнинг «Адабиёт дунёси» саккиз жилдли тўплами тақдимотига бағишланган маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, халқ ёзувчиси Хуршид Дўстмуҳаммад, таниқли шоира Шарифа Салимова ва бошқалар забардаст ва заҳматкаш ижодкор Иброҳим Ғафуров адабий жараёнларнинг фаол ва куйинчак дарғаларидан эканини таъкидлади.

– Улуғ мақсадлар билан мамлакатимизда олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида адабиёт намояндаларига катта эътибор қаратилмоқда, - деди С. Саййид. Биз устозларнинг "Замон. Қалб.Поэзия", "Ёнар сўз" каби асарларини талабалик йилларимизда дўконма-дўкон ахтарганмиз. Устознинг "Адабиёт дунёси" номли саккиз жилдли тўплами муҳташам адабий обида сифатида адабиёт мухлислари учун муносиб туҳфадир.  

– Бу адабий тўплам ўзбек миллати маънавиятининг бойлигидир, - деди А. Саидов. – Фридрих Ницшени авваллари ўзбек тилига таржима қилинишини ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Катта адабиётшуносгина асар муаллифининг ижодини теран таҳлил этиб, ўз фикрини айтади. Конфуцийми, Достоевскийми, Ницшеми, дунёнинг қай ижодкори бўлмасин, Иброҳим акадан ўтказиб ҳеч ким таржима қилган эмас. "Адабиёт дунёси" ҳақиқатан маънавий хазинамиз бўлиб қолади.

– Иброҳим Ғафуров олтмиш беш йилдан буён адабий жараённинг ичида, - деди атоқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад. – Мазкур саккиз жилдли тўплам ҳам ўзбек адабиётидаги ана шу олтмиш беш йиллик ижодий жараённи ўзига қамраб олган. Бу тўплам жуда юксак савияда ёзилган. Унда адабиётдаги истаган жанрни учратиш мумкин. Устоз ижодкор қалб нозиклигини кашф этган ижодкордир.

Дарҳақиқат, тадбирда таъкидланганидек, Иброҳим Ғафуров узоқ йиллардан буён миллий адабиётимиздаги жараёнларни теран таҳлил, тадқиқ ва талқин этиб келади. Бадииятда ҳаққонийлик, инсонийлик, адолат ва миллий ўзига хослик, илмийлик ва холислик тамойилларининг намоён бўлишини кузатади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech