29 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” мавзусида маҳорат дарси ўтказилди. Инсон ҳуқуқлари фани доирасида бўлиб ўтган машғулотда Университетнинг 3-босқич талабалари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ижроси доирасида ташкил этилди. Маҳорат дарсини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етакчи мутахассиси Шодия Исмоилова олиб борди.
Машғулотда талабалар ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, тегишли қонунлар ва халқаро ҳуқуқий нормалар билан таништирилди. Ногиронлиги бўлган шахслар учун шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш борасида Ўзбекистон Конституцияси, халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойиллари ҳамда мамлакат қўшилган халқаро битимлар доирасидаги ёндашувлар юзасидан батафсил фикр юритилди.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган ислоҳотларга – инклюзив таълим тизимини ривожлантириш, тенг меҳнат имкониятларини яратиш, ижтимоий инфратузилмани мослаштириш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятда фаол иштирокини таъминлаш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Талабалар ўз саволлари билан фаол иштирок этиб, соҳага оид билимларини янада бойитдилар. Бу борада истиқболда қилинадиган ишлар юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар бўлди.
Маҳорат дарси интерактив тарзда ташкил этилди. Машғулот талабаларга нафақат назарий маълумот берди, балки ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини чуқур англаш, уларни ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий ва ахлоқий қарашларни шакллантиришга ҳам хизмат қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.04.2025
- Кўришлар: 228
- Чоп этиш