ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ КОНСТИТУЦИЯ ВА МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИ КАФОЛАТЛАРИ

3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни

 

Мамлакатимизда олиб борилаётган ахборот сиёсатида оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини таъминлаш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, сўнгги 8 йилда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари сони 1 минг 514 тадан – 2 минг 349 тага ошди.

 Интернетда контент тарқатувчи фойдаланувчилар, блогерлар сони ҳам геометрик прогрессия шаклида ортиб бормоқда. Шунингдек, 2017-2025 йилларда Интернет фойдаланувчилари сони 14,7 млн.дан – 32,7 млн.га кўпайди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ушбу рақам ва далилларни 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида оммага тақдим этди[1]. Кейинги даврда Ўзбекистонда Жаҳон матбуоти эркинлиги куни байрами бу соҳада амалга оширилган ишларнинг ўзига хос сарҳисоб палласига айлангани жуда муҳим.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йилда 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни деб эълон қилингани бежиз эмас. Чунки 1991 йил 3 май куни Намибияда Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Виндхук декларацияси қабул қилинган бўлиб, мазкур Декларацияда баён этилган матбуот эркинлигини таъминлашга доир талаблар шу халқаро сананинг таъсис этилишига туртки бўлган.

Бундан кўзланган асосий мақсад – ахборот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, дунёнинг барча минтақаларида ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, журналистлар эркинлиги ва мустақиллигига тажовузларнинг олдини олиш, касбий бурчини бажараётганда ҳалок бўлган журналистларни ёд этиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Матбуот эркинлиги – демократия ва адолатнинг тамал тошидир. Аммо, ҳозирги кунда бутун дунёда матбуот эркинлиги турли тажовузларга дучор бўлмоқда. Ёлғон ахборот (дезинформация) ва нафрат тили таъсирида далиллар ва уйдирмалар, илм-фан ва фитна (конспирология) назариялари ўртасидаги чегаралар йўқолиб бормоқда.

Шунингдек, журналистлар пўписа, таъқиб ва зўравонликларга учрамоқда. Дарвоқе, 2024 йилда 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан БМТ яна бир бор бутун дунёда журналистларни ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилишга чақирар экан, БМТ бош котиби экологик журналистика тобора хавфли касбга айланиб бораётганига алоҳида эътиборни қаратди.

Дунё ҳозирги ва келажак авлодлар учун ҳақиқий хавф туғдирувчи мисли кўрилмаган экологик инқирозни бошдан кечирмоқда ва журналистлар аҳолини иқлим ўзгариши ва атроф муҳит ифлосланиши бўйича хабардор қилиб боришда муҳим роль ўйнайди. Шу маънода, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш қайд этганидек,  2024 йилги Жаҳон матбуот эркинлиги куни айнан глобал экологик инқироз шароитида журналистика ва фикр эркинлигининг ўрни ҳамда аҳамиятига бағишлангани бежиз эмас[2].

Журналистлар ҳаётнинг муҳим соҳалари, хусусан, таъминот занжирида юз берган узилишлар, иқлим миграцияси, ер ости бойликларини ноқонуний йўл билан қазиш, браконьерлик, ҳайвонлар савдоси ва ўрмонларни кесиб юбориш каби долзарб муаммолар ҳақида хабар бериб боради. Бироқ бу каби ташвишли ҳолатларни ёритиш жараёнида улар кўплаб тўсиқларга дуч келмоқда.

БМТ раҳбари таъбири билан айтганда, журналистнинг меҳнати туфайли одамлар сайёрамизнинг оғир аҳволини англаб етмоқда, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун қатъий бел боғламоқда ва ўз куч-шижоатини шу эзгу мақсад йўлида сафарбар этмоқда. Атроф-муҳит ёмонлашганлиги билан боғлиқ ҳолатларни ҳужжатлаштиришдек муҳим ҳолатни оммавий ахборот воситалари ходимларининг чиқишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Чунки улар экологик вандализм ҳақидаги далилларни оммага очиқ ва ҳужжатли асосда, яъни айбдорларни жавобгарликка тортишга ёрдам берадиган тарзда тақдим этадилар.

Баъзи қудратли шахслар, компания ва муассасалар эса экология соҳасини ёритадиган журналистлар ўз ишини тўлақонли бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Оқибатда оммавий ахборот воситалари, матбуот эркинлиги таҳдид остида қолмоқда. Айниқса, атроф-муҳит муаммоларини ёритишга ихтисослашган журналистлар фаолияти тобора хавфли касбга айланиб бормоқда.

Сўнгги 15 йил ичида атроф-муҳит муаммоларини ёритувчи журналистлар ва ахборот воситаларига 750 га яқин ҳужум содир этилган. Экологик муаммоларни ёритган ўнлаб журналистлар ўлдирилган, аммо аксарият ҳолларда бунинг учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.

Афсуски, бундай бебошвоқ хуружлар сони ортиб бормоқда. Бунда ҳуқуқий тартиб-таомиллар кўпинча тескари мақсадларда, яъни цензурани кучайтириш, муаммоларни хаспўшлаш, оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳибсга олиш ва таъқиб қилиш учун қўлланилаётгани янада ачинарлидир.

Шу нуқтаи назардан, ЮНЕСКО томонидан дунёнинг ўнлаб мамлакатларида журналистларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича тренинглар ўтказилаётгани жуда муҳим. Бу борада бир қанча халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро прокурорлар ассоциацияси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуле ҳам матбуот эркинлиги ва ОАВ хавфсизлиги масалалари билан фақатгина медиаташкилотлар ва шу соҳага ихтисослашган ННТ эмас, балки бутун жамият шуғулланиши лозим, деб ҳисоблайди.

Айни кунларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини тасдиқлашга доир фармон лойиҳаси жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган.

Миллий стратегия лойиҳасига кўра, масъул вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари жорий йилнинг декабрига қадар Ахборот кодекси лойиҳасини белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритади. Бу ҳужжатда:

  • инсоннинг ахборот тарқатиш ва ахборот олишга доир ҳуқуқ ҳамда эркинликларига тегишли тушунча ва нормаларни тизимлаштириш;

  • рақамли ахборот маконида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишида ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш назарда тутилиши лозим.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, мазкур Кодекснинг қабул қилиниши билан инсоннинг ахборот олиш, ундан фойдаланишга оид ҳуқуқларини, оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлашга оид қонунчилик тизимлаштирилади ва такомиллашади. Бу борадаги ислоҳотларни амалга оширишда Жаҳон матбуот эркинлиги кунини белгилашга асос бўлган Виндхук декларацияси қоидаларига ҳам таянилаётгани табиийдир.

Виндхук декларациясининг 1-бандида қайд этилишича, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ мустақил, плюралистик ва эркин матбуотни таъсис этиш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтириш миллат демократиясини ва иқтисодий тараққиётини ривожлантириш ҳамда рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этади”.

Бизнинг бу борадаги ёндашувимиз ҳам айнан шундай. Яъни, сўз ва матбуот эркинлиги – Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишидир. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби[3].

Виндхук декларациясининг 2-бандига кўра: “Мустақил матбуот, деганда биз давлатдан, сиёсий ва иқтисодий назоратдан, газеталар, журналлар ва даврий нашрлар ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун зарур материаллар ҳамда инфратузилмалар устидан назорат ўрнатилишидан мустақил бўлган матбуотни тушунамиз”.

Виндхук декларациясининг 4-бандида “мустақил ҳамда плюралистик матбуот пайдо бўлиши учун тегишли муҳит” яратиш билан боғлиқ ўзгаришлар эътироф этилган. Декларациянинг 5-бандида қайд этилишича, “Демократияга ва ахборот ҳамда фикрни ифодалаш эркинлигига дунё миқёсида интилиш инсоният орзу-ниятларининг ижобати йўлида муҳим улуш ҳисобланади”.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Виндхук декларациясида тилга олинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида тўла ўз аксини топганини таъкидлаш лозим. Кейинги даврда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилди.

Хусусан, халқимиз 2023 йил 30 апрель куни референдумда овоз берган янги таҳрирдаги Конституцияда учта йўналишда: биринчидан,  ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини кенгайтириш; иккинчидан, оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада мустаҳкамлаш; учинчидан, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом тақдим этилиши тимсолида сўз эркинлиги ҳар томонлама кафолатланди.

Эндиликда янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасига мувофиқ:

“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни  чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек  давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор  этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.

Эътибор беринг: янги нормалар билан ҳар бир шахснинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи эътироф этилди. Мазкур ҳуқуқнинг таъминланиши учун бевосита давлатнинг ўзи шарт-шароитлар яратиши аниқ белгиланди.

Бинобарин, Интернет нафақат алоқа воситаси, балки виртуал муҳитга ҳам айланиб бораётган, кўплаб тушунча ва хизматлар “реал” заминдан жадал тарзда “виртуал” ҳаётга кўчаётган бугунги давр айни шундай илғор ёндашувни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда Интернетни тақиқлаш ва чеклаш нафақат нотўғри, балки мантиқсиз ҳам эканини исботлаб ўтиришга ҳожат қолмади.

Нега деганда, бугун одамлар ишини, ўқишини, ҳоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам Интернетга кўчиряпти. Бу, ўз навбатида, Конституция ва қонунларни замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни талаб қилмоқда.

Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи инсоннинг сўз эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради. Ушбу ҳуқуқ, давлат чегараларидан қатъи назар, турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўзида қамрайди.

Шундай экан, ахборотни, жумладан Интернет орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини истифода этувчи инсонлар зиммасига ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбурият ва масъулият ҳам юкланиб, қонунга мувофиқ равишда айрим чекловлар ўрнатилиши табиий ҳолдир. Шу маънода, 33-модданинг охирги бандидаги нормалар барчамизни ижтимоий масъулиятни англашга, оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирмадан, далилни бўҳтондан ажратишга даъват этади.

Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган ХХI асрда инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари ҳуқуқлари қандай амалга оширилиши унинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, Интернетдан қанчалик эркин фойдаланишига бевосита боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, бугунги “рақамлаштириш” замонида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли очиқ жамият барпо этаётган аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ўз Конституциясида фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига оид янги нормаларни  мустаҳкамлагани, бир томондан, фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга ошишига хизмат қилса, иккинчи томондан, ҳар бир инсоннинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 69-моддаси биринчи қисмида фуқаролик жамияти институтларининг тушунчаси ва тизими қуйидаги норма билан очиб берилган:

“Фуқаролик  жамияти  институтлари,  шу  жумладан  жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини  ўзи  бошқариш  органлари,  оммавий  ахборот  воситалари  фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”.

Бошқача айтганда, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом берилди. Шу орқали сўз эркинлиги конституциявий асосда яна бир бор кафолатланмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамиятини қонунчилик негизида кучайтиришга изчил эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Чунки, Президентимиз қайд этганидек, оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур.

Энг муҳими, эндиликда Конституцияда оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институти мақомида эътироф этилди. Бу илғор конституциявий-ҳуқуқий асос, бир тарафдан, жамоатчилик назоратининг янада ҳаққоний, холис ва адолатли ташкил этилишига муносиб ҳисса қўшса, бошқа тарафдан, жамоатчилик назорати асносида аниқланадиган қонунбузарликлар ва камчиликларга тааллуқли маълумотларнинг асоссиз равишда панада олиб қолиниши ёки хаспўшланишига йўл қўймайди, яъни ошкорлик том маънода таъминланади.

Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилгани ва улар фаолияти кафолатларининг белгилангани жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди. Бу том маънода жуда муҳим янгиликлардандир.

Шу тариқа янги таҳрирдаги Конституцияда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

Конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган ХV бобидаги иккита моддада оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги давлат томонидан кафолатланган. Хусусан, 81-моддага кўра:

 “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ  иш олиб борадилар.

Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг  эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш  ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган  ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир”.

Айни шу конституциявий нормалардан қўлланган мақсад оммавий ахборот воситалари учун энг қулай шарт-шароитлар яратишга, давлат ва жамият ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган конституциявий асосларни шакллантиришдир. Шунга ўхшаш нормалар Словакия, Испания, Жанубий Корея каби бир қатор мамлакатларнинг Конституцияларида мавжуд.

Ўз навбатида, янгиланаётган Конституциянинг 82-моддасида ушбу нормалар мустаҳкамланган:

“Цензурага йўл қўйилмайди.

Оммавий  ахборот  воситаларининг  фаолиятига  тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.

Цензуранинг тақиқланишига оид норма Конституцияда олдин ҳам бор эди. Айни чоғда, кейинги норма муҳим янгилик бўлиб,  оммавий  ахборот  воситаларининг самарали фаолият юритиши учун таъсирчан ҳуқуқий асос вазифасини ўташи тайин.

Матбуотда бу борада ўз муносабатларини билдирган бир қатор ҳамкасбларимиз таъбири билан айтганда, бу нормалар оммавий  ахборот  воситалари ва журналистларнинг эмин-эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди ҳамда жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитининг ривожланишига шароит яратади.

Жорий йилда Жаҳон матбуот эркинлиги куни матбуот эркинлиги, ахборотни монеликларсиз тарқатиш ҳуқуқи, оммавий ахборот воситалари мустақиллиги ва ахборотдан фойдаланишни таъминлаш ҳамда бу борадаги асосий эркинликларни ҳимоя қилишга сунъий интеллектнинг таъсири масалаларига бағишланган. Маълумки бу борадаги устувор вазифалар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида (16-мақсад, 10-банд) белгилаб берилган[4].

Дарвоқе, Жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида дунёда сўз эркинлигининг аҳволи ҳар қачонгидан ҳам ёмонроқ даражага тушгани ҳақида хабар тарқалди. Хусусан, «Дунё бўйлаб сўз эркинлиги энг паст даражага етди», дейилади «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) томонидан 2 май, жума куни чоп этилган матбуот эркинлиги йиллик рейтингида[5].

Рейтингга кўра, кузатилаётган 180 та мамлакат ва ҳудуддан 90 тасида оммавий ахборот воситалари ходимларининг аҳволи «қийин» ё «жуда жиддий», 160 та мамлакатда ОАВ умуман барқарор ишлай олмайди ёки буни фақат қийинчилик билан амалга ошириши мумкин. Рейтинг тузувчилари таъкидлашича, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб таҳририятлар тобора мустақиллик ва иқтисодий омон қолиш истаги ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмоқда.

 

Ғулом МИРЗО

 

 

[1] А.Ходжаев: Асосий мақсад – баҳони яхшилаш эмас, балки инсон манфаатлари устунлигини таъминлашдир/29.04.2025//Telegram (https://t.me/aoka_uz).

[2] Глава ООН во Всемирный день свободы печати: экологическая журналистика становится все более опасной профессией/https://news.un.org/ru/story/2024/05/1451886

[3] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси / 29.12.2020 // https://president.uz/uz/lists/view/4057

[4]  Қаранг: https://www.un.org/ru/observances/press-freedom-day

[5] Қаранг:  https://kun.uz/kr/news/2025/05/02/rsf-yangi-reytingi-oav-erkinligi-tarixiy-past-darajaga-yetdi

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech