Конституциявий судда инсон ҳуқуқлари мавзусида маҳорат дарси ўтказилди

1 май куни “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусидаги тўрт кунлик ўқув курси доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида сайёр машғулот ташкил этилди.

Мазкур амалий тадбир Конституциявий суд фаолияти билан яқиндан танишиш, унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрнини тушуниш ҳамда амалиётда юзага келадиган ҳуқуқий масалаларни бевосита суд вакилларидан эшитиш имконини яратди. Тингловчилар Конституциявий суднинг фаолияти, ваколатлари, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳамда конституциявий назорат механизмлари ҳақида мукаммал маълумотга эга бўлди.

Сайёр машғулотда Конституциявий суд раисининг ўринбосари Асқар Ғофуров “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Конституциявий суднинг ўрни” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи Конституциядаги асосий инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар, уларнинг суд орқали амалга оширилиши ҳамда Конституциявий суднинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган янги механизмлар ҳақида тўхталди.

Мазкур маърузанинг мазмуни Конституциявий суд судьяси Абдуманноб Раҳимовнинг чиқиши билан маъно ва мазмун жиҳатдан уйғунлашди. Судья ўз сўзида инсон ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилишда суднинг конституциявий назорат орқали амалга оширадиган вазифалари, ҳокимиятлар бўлиниши ва мувозанати тамойили доирасидаги ўрни ҳақида атрофлича маълумот берди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида фуқаролар мурожаат этишнинг ҳуқуқий асослари, шикоятларни қабул қилиш мезонлари, кўриб чиқиш босқичлари ва чиқариладиган қарорларнинг ҳуқуқий оқибатлари юзасидан батафсил фикр юритилди.

  

 

Иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимларини чуқурлаштириш, амалиёт билан назарияни уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг конституциявий асосларини тушунишда сайёр машғулот муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech