Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш – Миллий марказ эътиборида

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими томонидан ўтган ҳафтада Фарғона вилоятининг Бувайда ва Учкўприк туманларида аҳоли билан бир қатор жонли учрашувлар ўтказилди.

Ушбу очиқ мулоқотлар Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги низом талаблари ва Миллий марказнинг 2025 йилги иш режаси ижроси доирасида ташкил этилди.

– Бу учрашувлар асосан Бувайда туманининг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Гулқишлоқ, Таррачи ва Деҳқонобод қишлоқларида, шунингдек, Учкўприк туманининг “Сой бўйи” ва “Яккамулла” маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилди, – деди Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Отабек Норбоев. – Юзма-юз мулоқотларда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, Халқ қабулхонаси туман бўлимлари, Маҳалла уюшмаси туман бўлимлари ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимлари ҳамда 50 нафардан ортиқ фуқаро қатнашди.

Учрашувларда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди. Ушбу асосий қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга ва назорат қилишга масъул идоралар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятига оид зарур ахборотлар тақдим этилди.

Шундан сўнг, фуқаролар билан сайёр қабул ташкил этилди. Сайёр қабул жараёнида бир гуруҳ фуқароларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech