БМТ Бош котибининг махсус вакили Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича мактуб йўллади

Бош котибнинг Болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалла Мжид Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари юзасидан 2025 йил 19 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовга мактуб йўллади.

Махсус вакилнинг Ўзбекистонга ташрифи жорий йилнинг 6-10 апрель кунлари амалга оширилди.

Мактубда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти, унинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдаги ўрни, шунингдек, ушбу ўзгаришларнинг натижалари билан танишиш имконияти яратилгани учун самимий миннатдорлик билдирилган.

Нажат Маалла Мжид Миллий марказнинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, илгари суриш ва таъминлашдаги сезиларли ҳиссасини эътироф этди.

"Ишончим комилки, БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 2 ва 5-сонли умумий шарҳларига мувофиқ, Миллий марказнинг ҳуқуқий ва институционал базасини янада мустаҳкамлаш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини, айниқса, болалар ҳуқуқларига риоя этилиши қисмини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Шу муносабат билан Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар глобал альянсидан (GANHRI) олинган тавсияларни амалга ошириш орқали ўз мақомини Б тоифасидан А тоифасига кўтариш йўлидаги кейинги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашимни билдирмоқчиман," – деб таъкидлади БМТ Бош котибининг махсус вакили ўз мактубида.

Хатга илова сифатида ташриф якунлари бўйича ҳисобот нусхаси ҳам тақдим этилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech