Одам савдоси жинояти билан боғлиқ жазо чоралари қанчалик кучайтирилди?

2025 йил 20 майда “Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Қонун билан одам савдоси жинояти билан боғлиқ қандай ўзгаришлар жорий этилди ва жазо чоралари қанчалик кучайтирилди? Бу саволга Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов жавоб берди:    

– Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.  

Натижада одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ишлар тизимлаштирилди. Одам савдосидан жабрланганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий ҳимоялаш кучайтирилди.    

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ айрим масалаларда, хусусан, одам савдоси жинояти учун мутаносиб санкциялар белгилаш зарурати вужудга келди.    

Жиноят кодексининг 135-моддасида одам савдоси жинояти объекти бўйича оғирлаштирувчи банд сифатида ҳомиладор аёлга нисбатан, шунингдек, фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида содир этиш қайд этилмаган эди.  

Ваҳоланки, одам савдоси билан боғлиқ ҳолда содир этилган жиноятлар (2019 йилда – 94, 2020 йилда – 93, 2021 йилда – 162, 2022 йилда – 165, 2023 йилда – 144 та) содир этилган, одам савдосидан жабрланганларнинг 70 фоизи фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этилган.    

Шундан келиб чиқиб, қонун билан Жиноят кодексига юқоридаги қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан оғирроқ жазо чораларини белгиловчи ҳамда ушбу қилмишни оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этганлик учун жазони кучайтирувчи ўзгартиришлар киритилди.  

Қонунга кўра, биринчидан, ҳомиладор аёлга нисбатан содир этилган одам савдоси қилмиши учун оғирлаштирувчи ҳолат сифатида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “ҳомиладор аёлга нисбатан” деган банд билан тўлдирилди.  

Иккинчидан, муқаддам одам ўғирлаш билан боғлиқ жиноятни содир этган шахс томонидан одам савдоси жиноятини содир этганлик учун жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “илгари ушбу кодекснинг 137-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан” деган банд билан тўлдирилди.  

Учинчидан, фоҳишаликка жалб қилиш мақсадида одам савдоси жиноятини содир этишни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида” деган банд билан тўлдирилди.  

Тўртинчидан, ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали одам савдоси қилмиши, шунингдек, вояга етмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилиши Жиноят кодексининг  

135-моддаси 3-қисми билан малакаланиши белгиланди.  

Бешинчидан, Жиноят кодекси 135-моддасининг 2 ва 3-қисм санкциялари кучайтирилиб, яъни 2-қисми учун 5 йилдан 10 йилгача, 3 қисми учун эса ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.  

Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Грузия, Озарбайжон, Арманистон каби хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди ва инобатга олинди.  

Қонун одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга, унга қарши самарали курашишга, бундай қилмишлар учун мутаносиб жазо чораларини белгилашга, қолаверса, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.  

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech