«Ота-Бейит» қабристонида Чингиз Айтматов хотираси ёд этилди

Бундан роппа-роса 17 йил аввал – 2008 йил 10 июнда бетакрор адиб, жамоат ва давлат арбоби, дипломат Чингиз Айтматов Германиянинг Нюренберг шаҳридаги клиникада муолажа олаётганида оламдан ўтган. Атоқли замондошимиз ўша йили 14 июнда Бишкек шаҳри яқинидаги «Ота-Бейит» тарихий-мемориал мажмуасида дафн этилган.

Шу муносабат билан 2025 йил 10 июнь куни Бишкекда «Чингиз Айтматов – туркий дунё келажаги» мавзусидаги халқаро форум бошланишидан олдин «Ота-Бейит» ёдгорлик мажмуасида Чингиз Айтматовни хотирлаш маросими бўлди.

Бу ерда абадий ором топган қатағон қурбонлари ва Чингиз Айтматовнинг ёрқин хотираси ёд этилди, қабрлар пойига гулчамбарлар қўйилди. Қуръони карим оятлари тиловат қилинди.

Хотира тадбирида Форум ташкилотчилари – ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти намояндалари ва Чингиз Айтматов номидаги институт  директорлар кенгаши аъзолари, шунингдек, Қирғизистон давлат органлари, маданият, илм-фан ва таълим ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов қайд этишича, «Ота-Бейит» қабристонида қатағон қурбонлари ва Чингиз Айтматовнинг ёрқин хотираси бирдек ёд этилгани замирида ўзига хос рамзий маъно бор. Чингиз Айтматовнинг отаси – раҳбар лавозимларда ишлаган Тўрақул Айтматов 1937 йилда қатағон қилиниб, 1938 йилда отишга ҳукм этилган. Бу ерда у киши ва сафдошлари – қирғиз халқининг қатағонга дучор бўлган 138 нафар зиёли фарзанди шарафига хотира мажмуаси барпо этилган. 

 – Бугунги тадбир туркий дунёнинг Чингиз Айтматов хотирасига яна бир юксак эҳтироми ифодасидир, – дейди академик А. Саидов. – Чингиз оға билан видолашув санасига 17 йил тўлган бўлса ҳам, севимли адибимиз гўёки ўлмагандек, ҳали ҳам орамизда юргандек. Зотан, унинг асарлари, эзгу ишлари барҳаётлигини таъминлаб келмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

 Flash Haber

GercekGundem

TrTAvaz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech