Миллий марказда Тожикистон делегацияси вакиллари билан учрашув бўлди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Тожикистон Республикаси Президенти Ижро аппарати Инсон ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бошқармаси бош мутахассиси Парвиз Олимзода бошчилигидаги Тожикистон делегацияси билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги тарихан таркиб топган яқинлик ва стратегик шерикликка таяниб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий соҳа ва миграция масалаларида икки томонлама ҳамда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, қўшма форумлар, тренинглар ва тажриба алмашиш орқали Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида ягона ҳамкорлик майдонини шакллантириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув 14 май куни Тожикистон делегациясининг Тошкент шаҳрида ўтказилган “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форумидаги иштироки доирасида ташкил этилди.

  Учрашувда, шунингдек, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказининг Ижтимоий муаммоларни таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш, миграция ва жамоатчилик фикрини ўрганиш бошқармаси бошлиғи К. Холматиён, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори М. Турғунов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д. Муратова ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази кичик илмий ходими С. Жамшидова иштирок этди.

Учрашув давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов Тожикистон Республикасида инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижаларини алоҳида таъкидлади. Тожикистон ва Ўзбекистон нафақат қўшни, балки ягона маданият ва тарих ришталари билан боғланган қардош халқлар эканини қайд этди. Асрлар давомида муштарак тарих, тил ва маданият заминида шаклланган дўстона муносабатлар бугунги кунда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири қабул қилиниши натижасида инсон ҳуқуқларига оид нормалар сони уч бараварга ортгани қайд этилди. Учрашув давомида А. Саидов инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масалаларига бағишланган минтақавий маърузани ҳамкорликда тайёрлашни ҳамда ушбу йўналишдаги ўзаро тажриба алмашинувини фаоллаштиришни таклиф қилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганини таъкидладилар. Давлат раҳбарлари даражасидаги доимий ва самарали мулоқот бу борада томонларга юксак намуна бўлаётгани эътироф этилди.

Тожикистон Республикаси Президентининг Ижро аппарати Инсон ҳуқуқлари кафолатлари бошқармаси бош мутахассиси П. Олимзода инсон ҳуқуқлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантиришга қаратилган конструктив мулоқот ва саъй-ҳаракатлар учун миннатдорлик билдирди. У “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форумининг барча мавзулари Тожикистон учун муҳим, долзарб ва катта аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказининг Ижтимоий муаммоларни таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш, миграция ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш бошқармаси бошлиғи К. Холматиён Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ижтимоий соҳа ва миграция масалаларида илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

Учрашув давомида инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳасида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, минтақавий даражада инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш бўйича икки томонлама форум ва тренингларни ташкил этишни давом эттириш, шунингдек, Тожикистон вакилларининг бўлажак бешинчи Самарқанд форумида иштирок этиши имкониятлари хусусида ҳам сўз юритилди. Мазкур инсон ҳуқуқлари бўйича форум 2026 йил сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Учрашув конструктив руҳда ўтди ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги шерикликнинг стратегик хусусиятини, шунингдек, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида ягона минтақавий ҳамкорлик маконини шакллантиришга бўлган умумий интилишни тасдиқлади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech