Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Тошкентда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қарорлар қабул қилиш жараёнларида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш ҳамда рақамли трансформация шароитида юзага келаётган янги ҳуқуқий масалаларга бағишланган халқаро конференцияда иштирок этди.
Дастлаб “Қарорлар қабул қилиш жараёнида аёллар етакчилиги” мавзусида мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг парламентлари, давлат бошқаруви органлари, Омбудсман ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларида фаолият юритаётган етакчи аёллар қатнашди.
Мулоқотда хотин-қизларнинг стратегик қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг етакчилик салоҳиятини рўёбга чиқариш, давлат ва жамият бошқарувида аёллар овозининг таъсирини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, бугун гендер тенглик фақат хотин-қизларга тенг имконият яратиш масаласи эмас. Аёлларнинг қарорлар қабул қилишдаги муносиб иштироки жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини тўлиқроқ ифода этиш, қабул қилинаётган қарорларнинг инклюзивлиги ва ижтимоий таъсирчанлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу йўналишда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар улкан натижаларни бермоқда. Хусусан, мамлакатимиз “Парламентдаги аёллар” рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни, “Гендер тенглик ва бошқарув” индексида эса 103-ўриндан 52-ўринни эгаллаган.
Шундан сўнг асосий тадбир — Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда Конрад Аденауэр жамғармаси ваколатхонаси ҳамкорлигида “Рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари: замонавий ёндашувлар” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Унда 25 дан ортиқ давлатдан Омбудсманлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, бугун рақамли технологиялар инсоннинг таълим олиши, меҳнат қилиши, давлат хизматларидан фойдаланиши, ахборот олиши ва жамият ҳаётида иштирок этиши учун янги имкониятларни очмоқда. Айни пайтда шахсий маълумотлар дахлсизлиги, кибербуллинг, онлайн зўравонлик ва камситиш, зарарли контент, рақамли хизматлардан тенг фойдаланиш каби масалалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги ва долзарб йўналишларига айланмоқда.
Халқаро конференция иштирокчилари соҳада кейинги йилларда қонунчилик асослари такомиллашиб бораётганини алоҳида эътироф этдилар. Хусусан, рақамли технологияларни ривожлантириш ҳамда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини яратилганини таъкидладилар.
“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун такомиллаштирилгани, “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун қабул қилингани рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари ва шахсий маълумотлар дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Муҳокамалар давомида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланишда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни мустаҳкамлаш, технологик тараққиёт натижасида аҳолининг айрим қатламлари янги имкониятлардан четда қолиб кетмаслиги, рақамли инклюзияни таъминлаш ва миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтларининг бу жараёндаги ролини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Шу маънода, миллий қонунчиликда мустаҳкамланаётган ҳуқуқий кафолатлар билан конференция кун тартиби ўртасида узвий боғлиқлик бор. Яъни, рақамлаштириш жараёни чуқурлашгани сари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳам янги воқелик ва таҳдидларга мос равишда такомиллашиб бориши зарур.
Халқаро конференция ўз ишини учта тематик сессияда давом эттирди. Уларда рақамли дунёда аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларни онлайн зўравонлик, кибертаҳдидлар ва рақамли камситишдан ҳимоя қилиш, ёшларнинг интернетдаги хавфсизлиги, кибербуллингнинг олдини олиш ва шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив рақамли хизматларни ривожлантириш ҳамда ахборот ва электрон давлат хизматларидан тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуман якунида рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, рақамли инклюзияни ривожлантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал механизмларини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича иштирокчиларнинг умумий ёндашувларини ўзида акс эттирган Тошкент декларацияси қабул қилинди.
