Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Фолькер Тюрк: Сунъий интеллект инсоният учун тақдируламал таҳдидга айланиши мумкин

Куни кеча БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк сунъий интеллект устидан назоратни кучайтиришга доир тобора кучайиб бораётган даъватларга қўшилди. Унинг огоҳлантиришича, агар бу инқилобий технология назоратсиз қолдирилса, инсоният учун экзистенциал, яъни тақдируламал таҳдидга айланиши мумкин. БМТ “Янгиликлар сайти” шу ҳақда маълум қилди.

Олий комиссар Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғилишида сўзлар экан, жумладан, “Мажбурий қоидалар, мустақил назорат ва аниқ чекловлар бўлмаса, технология бошқариб бўлмас ҳолга келиши мумкин”, дея қайд этди. Ф. Тюркнинг фикрича, сунъий интеллект тизимлари шу қадар қудратли бўлиб кетиши мумкинки, натижада уларни яратувчилар ҳам назорат қила олмай қолиш эҳтимолини истисно этиб бўлмайди.

Шунингдек, “Синов муҳитидан чиқиб кетадиган ёки ўзини ўчирмасликлари учун яратувчиларини шантаж қиладиган сунъий интеллект – бу ҳаддан ташқари қудратли сунъий интеллектдир”, – деди у. – “Бугун мен жуда кеч бўлмасдан туриб, сунъий интеллектнинг хавфсизлиги ва ҳимояси учун мустаҳкам кафолатларни яратиш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақираман”.

Ф. Тюрк сунъий интеллект технологияларига “мезбонлик” қилаётган мамлакатларни ҳамда уларнинг таъминот занжирларида иштирок этувчи давлатларни янги технологиянинг тарқалишига аниқ чегаралар ўрнатиш учун ҳамкорликда ишлашга ундади. Бинобарин, “Бизга мустақил текширув ва соҳа ичида хавфсизлик бўйича имкон қадар яқин ҳамкорлик зарур”, – деди у.

Бироқ Олий комиссарнинг сўзларига кўра, муаммо техник хавфсизлик доирасидан анча кенгроқ. “Бир ҳовуч эркаклар сунъий интеллект устидан деярли чексиз ҳокимиятга эга”, – деди у технологик қудратнинг тобора кучайиб бораётганини ҳамда тўпланаётган ва қайта ишланаётган улкан ҳажмдаги маълумотларни назарда тутиб.

Унинг айтишича, “инсониятга хизмат қиладиган, аксинча эмас” технологияларни ривожлантириш зарур. Бундан ташқари Ф. Тюрк бандлик, демократия ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига эътибор қаратишга чақириб, инсон ҳуқуқлари асосий мезон бўлиб қолиши кераклигини қатъий таъкидлади.

БМТ Олий комиссари сунъий интеллектнинг ҳарбий ҳаракатларда қўлланилиши, хусусан, инсон аралашувисиз одамни ҳаётдан маҳрум қилиш ҳақида қарор қабул қила оладиган қуролларнинг ишлаб чиқилишидан хавотир билдирди.

Ф. Тюрк БМТ Кенгаши аъзоларига мурожаат қилар экан, “Мен инсон иштирокисиз одамларни ҳаётдан маҳрум этишга қодир қуролларни зудлик билан тақиқлаш чақириқларига қўшиламан”, – дея қайд этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 09.09.2026 Ko'rishlar 239
Ulashish