Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ҳалқлар дўстлиги – бирлигимиз ва тараққиётимиз гарови

“Ҳеч қачон унутмайлик, халқлар дўстлиги бу – муқаддас инсоний қадрият, тинч, эркин ва фаровон ҳаёт гаровидир”

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Ҳар йили 30 июлда мамлакатимизда алоҳида руҳ ва самимият билан нишонланадиган Халқлар дўстлиги куни жамиятимизнинг энг бебаҳо бойлиги – миллатлараро тотувлик, дину эътиқодлар ўртасидаги ҳурмат ва ҳамжиҳатликка янада чуқур эътибор қаратиш имконини беради. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек: “Турли миллатга мансуб юртдошларимиз орасида ўнлаб депутат ва сенаторлар, давлат ва жамоат арбоблари, таниқли ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт намояндалари, бизнес вакиллари муносиб фаолият кўрсатаётгани, уларнинг 2 минг нафарга яқини Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирлангани мамлакатимизда ҳукм сураётган ижтимоий тенглик, адолат ва инклюзивликнинг амалий намунаси, десак, тўғри бўлади”.

Ушбу фикр мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик нафақат маънавий қадрият, балки амалдаги ҳаётий ҳақиқат эканини яққол намоён этади. Эслатиб ўтиш жоизки, бу сана 2021 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилинган ва шу тариқа дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида қабул қилинган 30 июль республикамизда ўзига хос миллий байрамга айланган.

Ўзбекистон замини қадим-қадимдан Шарқ ва Ғарбни боғлаб тургувчи Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани боис, турли цивилизациялар, маданиятлар ва миллатларнинг қовушган макони бўлиб келган. Асрлар давомида бу тупроқда яшаган турли халқлар бир оила фарзандидек тотувликда, бир-бирининг урф-одат ва қадриятларини ҳурмат қилган ҳолда умргузаронлик қилганлар. Бугунги кунда ана шу бебаҳо тарихий мерос замонавий Ўзбекистоннинг бош тамойили – миллатлараро тотувлик сиёсатининг мустаҳкам пойдеворига айланган.

Ши билан бирга, давлатимиз раҳбари ўз табрикларида яна бир бор бутун халқимизни чин қалбдан муборакбод этиб, кўп миллатли жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг, миллатлар ва динлараро дўстлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатликнинг мамлакатимиз учун қанчалик бебаҳо аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Умуммиллий бирдамлик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили сифатида алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил яшаб, мамлакат равнақига ҳисса қўшаётгани юксак қадрланди. Кейинги йилларда “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган эзгу ғоя асосида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг ўзига хос ибратли модели яратилгани таъкидланиб, бу борада 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсонпарвар ғоялар замирида халқимизнинг мустаҳкам бирлиги, тинч-осойишта ҳаёти ва фаровон келажаги мужассамдир. Президентимиз ўз чиқишларида доимо халқимизни ҳамжиҳатликка, бунёдкорлик ва эзгу ишларга даъват этиб, мамлакат тараққиётининг асосий омили сифатида жамият бирлигини белгилаб келмоқда. Бу борадаги энг ёрқин тамойил – “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган улуғвор ғоядир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида қайд этилганидек, “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”. 

Айни шу Конституцион норманинг амалдаги ёрқин ифодасини давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 21 март куни Наврўз байрами муносабати билан сўзлаган нутқида ҳам кўриш мумкин. Тадбирда давлатимиз раҳбари “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги тарих, янги келажак яратайлик!” – деб, ҳар бир юртдошимизни миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, умумий мақсад йўлида бирлашиб, бунёдкорликка фаол ҳисса қўшишга чақирди.

Президентимизнинг бу борадаги фикрлари ўта чуқур ва тарихий аҳамиятга эга. Жумладан, яқинда, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халқимизга йўллаган табригида Юртбошимиз: “Бугунги ғоят таҳликали замоннинг ўзи барчамиздан жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳитини янада қадрлаб яшашни талаб этмоқда. Ҳеч қачон унутмайлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик – бизнинг бебаҳо бойлигимиз, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг мустаҳкам асосидир”, – деб алоҳида таъкидлади. Ушбу ҳаётий ҳақиқатлар бугунги конференция мавзусининг нақадар долзарб ва мамлакатимиз келажаги учун муҳим эканини яна бир бор исботлайди. 

Ушбу даъватлар бугунги кунда нафақат ички сиёсат, балки халқаро майдонда ҳам ўзининг муносиб эътирофини топмоқда.

Хусусан, 2022 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” ушбу йўналишдаги тарихий қадам бўлди. Ушбу ташаббуснинг бош ғояси – давлатлар ва халқларнинг бугунги куни ҳамда истиқболи учун умумий масъулиятни чуқур англаш, очиқ ва конструктив мулоқотга тайёр бўлган барча томонларни глобал ҳамкорликка кенг жалб этишга қаратилган.

Янги Ўзбекистонда миллий бирлик ва бағрикенглик сиёсатининг навбатдаги мантиқий давоми сифатида 2025 йил февраль ойида Президент томонидан “Виждон эркинлигини таъминлаш ва дин соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси” тасдиқланди. Ушбу тарихий ҳужжат кўп миллатли ва кўп конфессияли Янги Ўзбекистонда демократия, эркинлик, ижтимоий адолат ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган барқарор ижтимоий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Юртбошимиз ташаббусининг амалий ифодаларидан яна бири – мамлакатимизнинг турли ҳудудларида “Умуммиллий бирдамлик боғлари” нинг ташкил этилишидир. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 апрелдаги қарори билан 2025–2030-йилларда мамлакат бўйлаб босқичма-босқич истироҳат боғлари барпо этиш дастури тасдиқланган. Ушбу боғлар нафақат аҳоли, айниқса болалар ва ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, балки уларни миллий қадриятлар, ватанпарварлик ва бағрикенглик руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи муҳим масканларга айланмоқда.

“Умуммиллий бирдамлик” тушунчаси бугунги кунда Янги Ўзбекистон стратегиясининг таянч ғояларидан бирига айланди. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш алоҳида йўналиш сифатида белгиланган. Зеро, кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятда барқарор тараққиётга фақат ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатлик орқали эришиш мумкин. Шу маънода, бугунги конференция мавзуси нафақат долзарб, балки мамлакатимиз келажаги учун стратегик аҳамиятга эга.

Умуммиллий бирдамликнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида жамиятни жипслаштириш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада, энг аввало, 2023 йилда умумхалқ референдуми йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда давлат қурилишининг стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойиллари конституциявий мақомга кўтарилди. Биринчи марта фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиб, улар мустақил конституциявий институт сифатида тан олинди. Шунингдек, давлатнинг барча халқларнинг тили, урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш мажбурияти мустаҳкамланди.

Бугунги кунга қадар 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, ирқий ва миллий камситишга қарши ҳуқуқий кафолатлар янада кучайтирилди.

Хабарингиз бор, 2026 йилнинг январ–феврал ойларида мустақиллик давридаги илк тўлиқ ва рақамлаштирилган аҳолини рўйхатга олиш жараёни амалга оширилди. Мазкур рўйхатга олиш 1989 йилдан буён — яъни сўнгги 37 йил ичида — ўтказилган биринчи рақамли рўйхатга олиш бўлиб, унинг дастлабки натижаларига кўра, мамлакатимиз аҳолиси илк бор 39 миллион кишидан ошди. Бу — мустақиллик йилларида аҳолимиз сонининг деярли икки баравар ошганини кўрсатади. Аҳолининг миллий таркиби эса мамлакатимизнинг бетакрор кўп миллатлилигидан далолат беради: бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тотув ва аҳил яшаб, биргаликда меҳнат қилмоқда. Хусусан, ўзбеклар аҳолининг 89,4 фоизини, тожиклар 3,3 фоизини, қорақалпоқлар 2,2 фоизини, қозоқлар 1,8 фоизини, руслар 1,6 фоизини, қирғизлар 0,6 фоизини, туркманлар 0,5 фоизини, бошқа миллат вакиллари эса 0,8 фоизини ташкил этади.

Бу рақамлар ортида эса ҳар бир инсоннинг ўз тили, маданияти ва анъаналарини эркин сақлаб қолиш ҳуқуқига эга эканлиги турибди.

Умуммиллий бирдамликнинг институционал механизмлари

Мамлакатимиздаги миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилувчи институционал инфратузилма ҳам йилдан-йилга кенгаймоқда.

2025 йилда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси қайта ташкил этилди, шунингдек, «Ватандошлар» жамоат фонди таъсис этилди. 2024 йилда меҳнат миграциясини тартибга солувчи, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳамда хусусий бандлик агентликлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Миграция агентлиги фаолияти ҳам қайтадан йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги мавжуд кенгашлар “Умуммиллий бирдамлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоат кенгашлари” деб қайта номланди ҳамда улар миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда маслаҳат органи сифатида фаолиятини юритиб келмоқда.

Бундан ташқари, барча ҳудудларда “Дўстлик уйлари” ташкил этилиб, мазкур муассасалар миллатлараро дўстлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Умуммиллий бирдамлик: таълим ва тарбия

Бугунги кунда Ўзбекистонда 157 та миллий маданий марказ фаолият юритиб, улар хориждаги 98 та ватандошлар жамияти билан яқин ҳамкорлик ўрнатган. Телерадиоешиттиришлар 12 тилда, матбуот нашрлари 14 тилда олиб борилмоқда, умумтаълим мактабларида таълим 7 тилда ташкил этилган. “Келажак соати” таълим ташаббуси доирасида ҳафталик машғулотлар билан 11,8 миллион ўқувчи қамраб олинган. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ижтимоий жиҳатдан заиф гуруҳларга эътибор ҳам кучайтирилмоқда: 16 минг 317 нафар лўли/рома миллатига мансуб болалар мажбурий таълим билан қамраб олинди, Ватанимизга бош олиб келган 157 нафар кўчирилган афғонистонлик фуқаро касб-ҳунар таълими ва тадбиркорликни бошлаш учун қўллаб-қувватланди, 42 нафар фаластинлик бола эса таълим тизимига интеграция қилинди. Давлат хизматида ҳозирда 35 миллат вакили бўлган қарийб 5 минг киши фаолият юритмоқда, парламент депутатларининг 12,7 фоизи эса нотитул миллат вакилларидир.

Умуммиллий бирдамлик ва фуқаролик жамияти институтлари 

Алоҳида таъкидлашни лозимки, фуқаролик жамияти институтлари бугунги кунда умуммиллий бирдамликни мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларнинг энг яқин ҳамкорига айланмоқда. Мамлакатимизда таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда қарийб 10 минг нодавлат нотижорат ташкилоти эркин фаолият юритиб, уларда 70 мингга яқин инсон меҳнат қилмоқда — жумладан, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида 652 та, ёшлар йўналишида 650 та, ҳуқуқий-демократик институтларни ривожлантириш соҳасида 839 та, маданият, тарих ва маърифат йўналишида 564 та ННТ мавжуд. Уларнинг тадбирлар ўтказишда адлия органидан рухсат олиш талаби бекор қилиниб, хабарнома тартибига ўтказилгани, шунингдек ҳар йили қабул қилинадиган давлат дастурларининг 350 та банди ижросида бевосита иштирок этаётгани — фуқаролик жамиятига бўлган ишончнинг амалий ифодасидир.

Умуммиллий бирдамлик: мониторинг ва баҳолаш асослари

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ушбу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликда фаолият юритиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари юзасидан тайёрланадиган даврий маърузалар ва миллий ҳаракатлар режалари лойиҳаларини ишлаб чиқишга фуқаролик жамияти вакиллари фаол жалб этилмоқда — бугунги кунга қадар БМТнинг тегишли кенгаши ва шартномавий қўмиталарига 50 дан ортиқ миллий маъруза тақдим этилган, уларнинг тавсиялари асосида эса 7 та миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, ижро этилмоқда. Фақат 2024–2026 йилларда марказ фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда 15 та тадбир, жумладан БМТнинг бир қатор конвенциялари ижроси юзасидан бир неча бор мустақил мониторинглар ташкил этди.

Умуммиллий бирдамлик ва халқаро ҳамкорлик

Халқаро миқёсда ҳам мамлакатимизнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари муносиб эътироф этилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида Женевада БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитаси 117-сессиясида Ўзбекистоннинг 13–14 даврий ҳисоботи кўриб чиқилди — мазкур ҳисобот 40 дан ортиқ давлат органи ва фуқаролик жамияти институтининг бевосита иштирокида тайёрланган эди. 

Қўмита аъзолари Ўзбекистоннинг ҳисоботини юқори профессионаллик ва очиқлик руҳида тақдим этганини алоҳида қайд этиб, мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни, хусусан, фуқароларнинг ирқий, миллий ва диний мансублигидан қатъий назар уларнинг тенг ҳуқуқларини таъминлаш, нисбатан заиф қатламларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тил, маданият ва таълим соҳасидаги кўпмиллатлилик сиёсатини ижобий баҳоладилар.

Хусусан, Қўмита аъзолари томонидан Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш каби йўналишларда эришган ютуқлари алоҳида таъкидланди.

Муҳокамалар якунида Қўмита томонидан Ўзбекистонга бир қатор ижобий ва амалий тавсиялар берилди. Жумладан, аҳолининг барча қатламлари, хусусан, кам таъминланган оилалар ва миллатлар вакилларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик принципини мустаҳкамлаш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ирқий ва миллий тенглик мавзусидаги таълим-тарғибот ишларини кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизнинг БМТ ва унинг тузилмалари билан очиқ, ишончли ва самарали ҳамкорлик қилишга тайёрлигини намойиш этади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ушбу сессиядаги фаол иштироки халқаро майдонда мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги обрўсини оширди ва халқаро стандартларга мувофиқ ислоҳотларни давом эттириш муҳимлигини яна бир бор кўрсатди. Барчанинг фикрича, ҳукумат ва фуқаролик жамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари мамлакатда тинчлик, барқарорлик ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу каби халқаро баҳолар ва тавсиялар Ўзбекистоннинг келажакдаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсатини янада такомиллаштириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Халқаро мажбуриятларнинг амалдаги ҳолати ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш мақсадида мамлакатимизга бир қатор нуфузли халқаро экспертлар ташриф буюрган. Жумладан, икки нафар БМТ Бош комиссари, тўрт нафар БМТнинг махсус маърузачиси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) миллий озчиликлар ишлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистондаги аҳволни ўрганиб, юқори баҳо бердилар.

Барқарор ривожланиш мақсадларининг 169 та вазифасидан 92 фоизи бевосита инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолда амалга оширилмоқда.

Бу ўринда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг халқаро миқёсдаги ташаббускорона фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Президентимиз 5 маротаба БМТ Бош Ассамблеясининг 72-, 75-, 76-, 78- ва 80-сессияларида, шунингдек БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг

46-сессиясида сўзга чиқиб, жаҳон минбаридан 100 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Бу ташаббуслар халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризм ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муҳим соҳаларни қамраб олади.

Мазкур глобал ташаббуслар маҳсули ўлароқ, ўтган давр мобайнида минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик муҳитини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қатор амалий натижаларга эришилди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан шу бугунга қадар БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилинган бўлиб, уларнинг асосий қисми Марказий Осиё минтақасига тааллуқлидир. Жумладан, жорий йилнинг 24 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциянинг қабул қилиниши бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мамлакатимизда ташқи сиёсатда эришилаётган шу каби ютуқлар қаторида, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳити ички ижтимоий ҳаётда ҳам ўз ифодасини топмоқда. “Ижтимоий фикр” мустақил тадқиқот маркази маълумотларига кўра, сўровда иштирок этган фуқароларнинг 90 фоизи мамлакатимиздаги миллатлараро муносабатлар ҳолатини ижобий баҳолайди. Шу йилнинг ўзида 23-30 июль кунлари бўлиб ўтган “Дўстлик” фестивали ва “Бағрикенглик ҳафталиги” каби тадбирларда 700 мингдан ортиқ киши иштирок этиб, маданиятлараро мулоқотни янада мустаҳкамлади.

Албатта, эришилган ютуқлар билан бир қаторда, очиқ ва конструктив муҳокамага лойиқ бўлган бир қатор вазифалар ҳам сақланиб қолмоқда. Хусусан, минтақадаги миграция жараёнлари ва кўчирилган шахсларни ижтимоий интеграция қилиш, Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятнинг аҳоли турмуш тарзига таъсирини юмшатиш, шунингдек давлат хизматчиларининг айрим тоифалари орасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва малакасини янада ошириш борасидаги ишларни давом эттириш зарур.

Зеро, бугун дунёнинг турли минтақаларида миллий ва диний асосда турли низолар давом этаётган ўта таҳликали шароитда мамлакатимиз раҳбари томонидан белгиланган устувор вазифалар алоҳида аҳамият касб этади. Президентимиз таъкидлаганидек: “Дунёнинг турли минтақаларида миллий ва диний асосда турли низолар давом этаётган ҳозирги ўта таҳликали шароитда ягона Ўзбекистон ғояси асосида энг катта бойлигимиз – юртимиздаги осойишталик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, билим-маърифат, касб-ҳунарлар эгаси этиб тарбиялаш, инклюзивлик тамойилларини чуқурлаштириш борасидаги ишларимизни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз”. Ушбу стратегик йўналишлар умуммиллий бирдамлик ғоясининг амалга ошишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда дунёда кузатилаётган кескин синовлар ва глобал таҳдидлар шароитида бирдамлик ва аҳиллик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Бу ҳақда сўз юритганда, буюк бобомиз Алишер Навоийнинг асрлар оша янграб келаётган қуйидаги ҳикмати ёдга тушади:

“Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ, 

Ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш”.

Ҳазрат Навоий инсониятни душманлик ва келишмовчиликларга эмас, балки ўзаро қўллаб-қувватлашга, аҳиллик ва ҳамжиҳатликда яшашга чақиради. Чунки фақат бирдамликкина ҳақиқий тараққиёт ва тинчликни таъминлай олади.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда эришилган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик — бу нафақат ўтмишдан мерос қолган улуғ қадрият, балки бизни келажакка ишонч билан етакловчи стратегик бойлигимиздир. Ушбу улкан бойликни асраб-авайлаш, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш эса — барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси, академик

«Hurriyat» газетасининг 2026 йил 30 сентябрь кунги 39 (1517)-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кутубхонаси 

Nashr sanasi 02.10.2026 Ko'rishlar 242
Ulashish