Жорий йил 23 декабрь куни Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича Республика кенгаши раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишда Кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.
Қайд этилганидек, 2021 йилда Ўзбекистон учун устувор ҳисобланган Статистик салоҳият индекси, Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси, Ҳуқуқ устуворлиги индекси, Рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси, Глобал инновацион индекси, Бошқарув сифати индикаторлари каби бир қатор халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланди.
Хусусан, Жаҳон банкининг Статистик салоҳият индексида Ўзбекистон 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 16 поғонага кўтарилиб, 146 та мамлакат орасида 61-ўринни (2019 йилда – 76-ўрин) эгаллади.
Жаҳон одил судлов лойиҳаси ташкилоти томонидан эълон қилинган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2021 йилги нашрида Ўзбекистон 14 поғона кўтарилган. Ўзбекистон учун берилган баҳолар 4,1 фоизга ошиб, бу борада энг яхши натижа кўрсатган 3 та давлатдан бирига айланди.
Глобал инновацион индексида Ўзбекистон 2021 йилда ўтган йилга нисбатан 7 поғонага кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86 ўринни эгаллади, шу сабабли энг катта поғона юқорилаган мамлакатлар топ 10 талигига кирди.
Пандемия даврида республикамиз аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимининг яратилиши, жамиятда фаол фуқаролик ташаббусларининг кўрсатилиши Жаҳон хайрия индексида Ўзбекистон 114 та мамлакат орасида 2018 йилдаги 53-ўриндан 2021 йилда 29-ўринга кўтарилиб (деярли икки баравар), топ-30 таликка кирди.
Умуман олганда, сўнгги беш йилда мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, фискал ва ташқи хатарларни камайтириш борасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида ижтимоий-иқтисодий соҳага оид халқаро рейтингларда 156 та мамлакат ичида Ўзбекистон 88 ўринни эгаллади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича 2021 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг III чоракдаги ижроси кўриб чиқилди.
Унда ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳаларга оид халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (KPI) эришиш бўйича келгусидаги режалар хусусида фикр юритилди.
Хусусан, мамлакатимизда ҳуқуқ устуворлиги ва суд мустақиллигини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш ва инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш, юқори технологиялар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, статистика тизимини такомиллаштириш борасида Республика кенгаши олдида турган долзарб вазифалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, мамлакатимизнинг сиёсий-ҳуқуқий соҳада халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига ижобий таъсир кўрсатувчи халқаро шартномаларга қўшилишнинг мақсадга мувофиқлиги кўриб чиқилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича 2022 йилга мўлжалланган ташкилий чора-тадбирлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш, бунда мамлакатимизда юзага келаётган тизимли муаммоларга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида Бизнес индикатор натижалари юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари мажлисларида масъул раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиб, ҳудудда бизнес муҳитини янада яхшилаш чораларини кўриб бориш тавсия этилди.
Тадбир якунида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги тармоқларни баҳолаш мақсадида миллий рейтинг тизимини ишлаб чиқиш, ушбу жараёнга илмий доира вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчиликни жалб қилиш таклиф этилди.
Йиғилишда масъул вазирлик ва идоралар ахбороти эшитилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Республика кенгашига тегишли таклифлар киритилиши вазифаси қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
- Қўшилди: 24.12.2021
- Кўришлар: 3498
- Чоп этиш