Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси қизғин руҳда кечди. Қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди. Спикер ўринбосари Акмал Саидов мазкур қонун лойиҳасининг аҳамияти ва муҳимлиги ҳақида тўхталиб, бир қатор таклифларни билдирди:
— “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маъмурий ҳуқуқ соҳасидаги муҳим ва жуда катта қонунлардан бири ҳисобланади. Шу боис унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз, кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Бу борада маъмурий ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар, тегишли мутасаддилар, депутатлар, юрист ва амалиётчилар иштирокида ишчи гуруҳи тузиб, қонуннинг тартиб-қоидаларини содда тилда шарҳлаш керак.
Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида маъмурий ҳуқуқлар қай тартибда ўқитилмоқда? Бу масалаларни ҳам ўрганишимиз лозим, — деди Спикер ўринбосари.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 08.02.2022
- Кўришлар: 2916
- Чоп этиш