Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция талаблари қандай бажарилмоқда?

2022 йил 11 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси ҳамда Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида худди шу масала муҳокама марказида бўлди.

Мазкур Конвенциянинг бажарилиши юзасидан олтинчи даврий ҳисобот, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг бажарилиши юзасидан учинчи даврий ҳисоботни кўриб чиқиш натижалари бўйича Ҳукумат делегацияси аъзоларининг ҳисоботи муҳокама қилинди.

Маълумки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилинди, халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик янада фаоллашди.

Парламент томонидан илк бор Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш тўғрисидаги Миллий маърузаларини муҳокама қилиш амалиёти жорий этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов ўз маърузасида таъкидлаганидек, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган. Ўзбекистон ушбу Конвенцияга Олий Мажлиснинг 1995 йил 6 майдаги қарорига мувофиқ қўшилган.

Мамлакатимизда, шунингдек, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, биринчи бор “жинс бўйича бевосита камситиш” ва “жинс бўйича билвосита камситиш” тушунчалари қонун билан мустаҳкамланди.

Мазкур қонунга мувофиқ, қонун ижодкорлиги соҳасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мажбурий гендер-ҳуқуқий экспертизаси жорий этилди, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамаси, Гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссия, ваколатли орган ва бошқа давлат органлари, фуқаролик жамияти институталарининг жамият ҳаётининг турли соҳаларида аёлларга нисбатан камситишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик бўйича ваколатлари белгиланди.

Жорий йил 15-16 февраль кунлари БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг 81-сессияси бўлиб ўтади. Унда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг олтинчи даврий маърузаси кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Парламент комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Миллий маърузаси тақдимоти сифатли тайёрланиши учун амалга оширилаётган ишлар ҳолати таҳлил қилинди. Миллий маърузада Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида камситилишига йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни самарали ёритиш, ислоҳотлар қамрови ва моҳияти тўғрисида аниқ ҳамда ишончли маълумотлар ўз аксини топиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда 2022 йил 22-23 февраль кунлари БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт талабларининг Ўзбекистон Республикасида бажарилиши ҳолати бўйича учинчи даврий миллий маърузаси кўриб чиқилиши ҳам таъкидланди.

Шу муносабат билан мазкур Миллий маърузада Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни самарали ёритиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар қамрови ва моҳияти тўғрисида аниқ, лўнда маълумотлар бериш масаласи кўриб чиқилди.

Тадбирда депутатлар, Инсон хуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech