Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлаган Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль-Рено Бассо Ўзбекистонда барқарор иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ривожланишда кичик ва ўрта бизнеснинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
24 март куни Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади. Унда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль-Рено Бассо иштирок этиб, ялпи сессияда нутқ сўзлади ва Ўзбекистонда ташкилот томонидан эътибор қаратилаётган 3та асосий йўналиш ҳақида тўхталиб ўтди.
«Европа тикланиш ва тараққиёт банки сўнгги беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 3,3 млрд доллар, ўтган йилнинг ўзида эса 600 млн доллар миқдорида инвестиция киритди. Шунингдек, биз бу ерда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, бизнес тренинглар ўтказиш бўйича ҳам ишларни амалга оширяпмиз.
Булардан биринчиси, барқарор иш ўринларини яратиш. Бу борада кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун бизнес тренинглар амалга ошириш ҳамда молиявий томондан ёрдам беришни режа қиляпмиз. Ўтган йил давомида биз билан ишловчи тадбиркорлар салмоғи 25 фоизга ошди. Барқарор иш ўринларини яратишда хусусийлаштириш ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади, айниқса банк секторида. Ушбу соҳадаги хусусийлаштириш натижасида реал иқтисодиётга маблағ ажратиш ошади. Шунингдек, тўғридан тўғри инвестиция муҳитига шароит яратиш орқали мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини сезиларли тарзда яхшилаш мумкин. Шаффоф трансформация орқали мамлакатга яхшироқ инвесторларни жалб қилса бўлади.
Учинчиси эса рақамлаштириш ва рақобатбардошликни ошириш. Рақамлаштириш соҳасидаги ишларимизни биринчи навбатда таълим соҳасида амалга оширмоқдамиз. Марказий Осиёда юқори тезликда ишлайдиган интернетни яратиш келажак авлод ва мамлакатлар тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Инфраструктура ва логистика соҳаларида ҳам рақамли технологияларни жорий қилиш жуда муҳим ҳисобланади.
Сўзимнинг сўнгида шуни айтмоқчиманки, глобал хатарлар юқори бўлган даврда яшаяпмиз. Шундай бўлса-да Ўзбекистондаги ҳамкорларимизни қўлдан келганча қўллаб-қувватлаймиз ва логистика ҳамда бошқа соҳаларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал қиламиз, янги йўналишларни биргаликда топамиз деб умид қиламан», деди ЕТТБ президенти.
Манба: Kun.uz
- Қўшилди: 24.03.2022
- Кўришлар: 2502
- Чоп этиш