Ўзбекистон — Озарбайжон: парламентлараро алоқалар янада кенгаяди

Кейинги йилларда Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш, ҳамкорлар билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиб, иқтисодий дипломатияни кучайтирмоқда. Мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар натижасида нафақат яқин қўшниларимиз, балки иқтисодий жиҳатдан етакчи давлатлар билан ҳам тенг манфаатли ҳаморлик юқори поғонага кўтарилмоқда.

2022 йил 1 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Озарбайжон Республикаси Милли Мажлиси Раиси Сахиба Гафарова бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Мулоқот аввалида таъкидланганидек, кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, узоқни кўзлаб амалга ошираётган одилона сиёсати натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Хусусан, парламентлараро ҳамкорлик янада жонланди.

Шунингдек, делегация аъзоларига бугунги кунда мамлакат ҳаётининг барча жабҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз парламентининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялари иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўз навбатида, Озарбайжон Республикаси Милли Мажлиси Раиси Сахиба Гафарова самимий учрашув учун миннатдорлик билдириб, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, доимий равишда мулоқот олиб бориш муҳимлигини қайд этган ҳолда, алоқаларни янада яхшилашдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашувда Ўзбекистон-Озарбайжон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини тобора кенгайтириб бориш хусусида сўз юритилди.

Мулоқот якунида томонлар келгусида дўстона алоқаларни янада ривожлантиришга ва мунтазам равишда ўзаро фикр алмашиб туришга келишиб олдилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech