Олимларнинг фикрича, инсон соғлом турмуш тарзига амал қилиши орқали 100-120 ёшгача умр кўриши мумкин экан. Бу ёшга етиб юриш учун, албатта, озиқ-овқат таъминоти, дам олиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, яшаш ва ишлаш учун етарли шарт-шароит билан таъминланиши каби бир қатор омиллар муҳим ўрин тутади. Бунда, албатта, ҳар биримизнинг ўз саломатлигимизга масъуллигимиз биринчи даражали омил саналади.
Минг хил касаллик бор, аммо саломатлик биттадир, дейдилар. Ҳақиқатан ҳам, инсон саломатлиги унда нафақат касаллик ёки жисмоний нуқсонларнинг йўқлиги, балки унинг жисмоний ва руҳий хотиржамлиги, саломатлигини яхшилаш ва муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар билан ҳам ўлчанади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти саломатликни белгиловчи омилларни қуйидагича таснифлайди: инсон саломатлигининг 10-15 фоизи –экология, 10-15 фоизи – генетика, 10-12 фоизи – тиббиёт тизими даражаси, қолган 55-60 фоизи эса турмуш тарзига боғлиқ. Бундан кўриниб турибдики, агар биз оқилона турмуш тарзини юритсак — тўғри овқатлансак, жисмоний фаол, зарарли одатлардан холи бўлсак, яъни кун тартибимизни қанчалик тўғри ташкил қилсак, шунчалик соғлом бўламиз.
Шу маънода, 1950 йилдан бери ҳар йили 7 апрелни дунё ҳамжамияти Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида нишонлаб келаётгани бежиз эмас. Маълумки, 1948 йил худди шу куни Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ассамблеянинг Биринчи йиғилишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига асос солинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг соғлиқни сақлаш соҳасига ихтисослашган нуфузли муассасасидир. Унга ҳозирда 194 та давлат аъзо ҳисобланади.
ЖССТ бош қароргоҳи Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган. Шунингдек, мазкур халқаро ташкилот 6 та минтақавий ва 150 та мамлакатдаги ваколатхоналарига эга.
ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкилотнинг Европа минтақасидаги ваколатхонасига қарашлидир. Ўзбекистон 1992 йил 25 майда ЖССТга аъзо бўлган.
ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йилда Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган. Ваколатхона соғлиқни сақлаш тизимига яхлит ёндашув асосида барқарор соғлиқни сақлаш сиёсатини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш, умумий етакчиликни таъминлаш, маҳаллий даражада техник алоқаларни ўрнатиш, стандартларни белгилаш ва шартномалар тузиш, инқироз даврида соғлиқни сақлаш тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш каби вазифалар билан шуғулланади.
ЖССТ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлашнинг кўплаб муҳим масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилиб қилиб келмоқда. ЖССТ Низоми қуйидаги асосий тамойилларга асосланади:
- саломатлик — бунафақат танада касалликларнинг мавжуд эмаслиги, балки умумий-ижтимоий, руҳий ҳамда жисмоний барқарорлик ҳолатидир;
- кишининг ирқи, дини, сиёсий қарашлари, иқтисодий ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, саломатлик борасида энг яхши даражага эриша олиши ҳар бир шахснинг энг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади;
- жаҳондаги барча халқларнинг саломатлиги дунёда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилишининг энг асосий омили бўлиб, у ҳар бир мамлакат ва давлатнинг тўлиқ ўзаро ҳамкорлигига боғлиқ;
- ҳар қандай давлатнинг соғлиқни сақлаш борасида эришган натижалари барча учун аҳамиятлидир;
- турли мамлакатларда касалликларга, айниқса, юқумли касалликларга қарши кураш борасидаги чораларнинг нотекислиги қолган барча учун умумий хатарни келтириб чиқаради;
- бола саломатлиги – энг устувор вазифа;
- барча халқлар учун тиббиёт, психология ва турдош илмлар ютуқларидан бирдек фойдалана олиш шароити яратилиши— саломатликни таъминлаш борасидаги энг асосий шартлардан бири бўлиши керак;
- халқ саломатлигини яхшилаш борасида жамоатчилик билан фаол ишлаш, аҳолининг бу борадаги тушунчаларини шакллантириш шу халқ саломатлигини ҳимоялаш учун ғоят муҳимдир;
- ҳукуматлар ўз халқларининг саломатлиги учун жавобгардир. Бу жавобгарлик соғлиқни сақлаш соҳасида тегишли чораларни кўришни тақозо этади.
Шу ўринда Президентимизнинг жорий йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёнида ҳам шифокорлар, ҳам беморларнинг фикрлари сўралган ва 25 мингдан зиёд мурожаат қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида шу мурожаатларни умумлаштириб, 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб ўтди.
Биринчи йўналиш – бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, иккинчиси – тез тиббий ёрдамни ривожлантириш, учинчиси – тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш, тўртинчиси – соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш, бешинчиси – шифохоналарни малакали кадрлар билан таъминлаш, олтинчиси – жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш, еттинчиси – касалликларнинг олдини олишга қаратилган. Ўзбекистон Президенти бу йўналишларнинг ҳар бирига атрофлича тўхталиб, янги ташаббусларни илгари сурди.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда тиббиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Халқимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун ва қадрли”.
Фарида Ҳақбердиева,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси
- Қўшилди: 06.04.2022
- Кўришлар: 5667
- Чоп этиш