Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда АҚШ Халқаро ривожланиш агентлигининг (USAID) Ўзбекистонда Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури (LRP) кўмагида шу мавзуда халқаро конференция ташкил этилди.
Конференциянинг мақсади: “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини амалга ошириш, барқарор ривожланишнинг муҳим масалаларини ҳал этишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятини ошириш, улар фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш соҳасидаги миллий ва халқаро тажриба юзасидан фикр алмашишдир.
Офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган халқаро анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан миллий ва хорижий экспертлар, давлат идоралари, илмий муассасалар ва олий ўқув юртлари, Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар, Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов халқаро конференция иштирокчиларини онлайн қутлади. Сўнг “Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асослари ривожи: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида маъруза қилди.
Мазкур нуфузли анжуманнинг ялпи сессияларида сўзга чиққан маърузачилар сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилганини алоҳида қайд этдилар.
Фуқаролик жамияти институтлари инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий ва инсон ҳуқуқлари борасидаги маданиятини оширишда муҳим ўрин тутади. Бинобарин, тинч-фаровон, барқарор ривожланаётган, демократик жамият барпо этиш, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Барқарор ривожланишнинг умумбашарий ва миллий мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари алоҳида аҳамият касб этади.
Сўнгги беш йилда соҳада мамлакат Президенти ва ҳукуматининг 200 дан ортиқ ҳужжати, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда. Натижада, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 22 фоизга ошди, жумладан, республика бўйича 200 га яқин йирик нодавлат нотижорат ташкилоти ўз фаолиятини бошлади.
Бугунги кунда ушбу фуқаролик институтлари инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига доир маданиятни шакллантириш, барқарор ривожланишнинг энг муҳим вазифаларини амалга оширишда муҳим рольўйнамоқда.
Давлат бюджетидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ҳамда уларнинг ижтимоий ва жамоавий аҳамиятга молик лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган субсидия, ижтимоий буюртма ва грантлар шаклидаги маблағлар миқдори беш баробардан зиёд ошди.
Соҳа экспертлари томонидан биргина 2022 йилнинг ўзида 700 дан ортиқ дастур ва лойиҳалар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш таъминланади. Бу ишларни амалга оширишда 3 мингдан ортиқ жамоат ташкилоти иштирок этади.
Конференцияда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рақамли технологияларни жорий этиш билан боғлиқ ишларга жалб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ишларига жалб этилаётгани қайд этилди. Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш учун 150 та миллий маданий марказ қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.
Анжуманда алоҳида қайд этилганидек, фақат том маънодаги фуқаролик жамияти мавжуд бўлган макон ва замондагина ҳуқуқий давлат қарор топиши мумкин. Дарҳақиқат, фуқаролик жамиятини инсон эркинлиги ва қадр-қимматисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил демократик ислоҳотлар инсон қадр-қиммати борасида ғамхўрлик қиладиган, ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатлари ва фаровонлигини таъминлайдиган, эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга асосланган давлат қуришга йўналтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”китобида бу борада бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилган. Хусусан, Президентнинг Халқ қабулхоналарига конституциявий мақом бериш, фуқаролик жамияти институтлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини кодификация қилиш, Ахборот кодексини ҳамда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, уларнинг регламентлари ва назорат фаолияти тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳририни ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш, мамлакат қонунчилиги, “Электрон парламент” ва “Электрон Халқ кенгаши депутатлари”, шунингдек, халқ манфаатларига хизмат қилувчи “Халқчил давлат” миллий дастурларини тасдиқлаш назарда тутилган.
Форум якуни бўйича конференциянинг Тошкент Декларацияси қабул қилиниши режалаштирилган. Ушбу ҳужжат БМТ, ЕХҲТ, ЕИ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқаруви жараёнларига жалб этиш бўйича қабул қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган.
Шунингдек тақдим этилган таҳлилий материаллар ва тадбир маърузалари тўплам сифатида чоп этилиши назарда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.05.2022
- Кўришлар: 4978
- Чоп этиш