Хабар берилганидек, кеча Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида республика даражасидаги вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда ҳокимликлар ахборот хизматлари раҳбарлари учун «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва мазкур соҳада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши масалалари» мавзусида семинар-тренинг бошланган эди.
Бугун семинарнинг иккинчи кунида соҳа мутахассислари иштирокида қатор долзарб мавзулар бўйича маърузалар, машғулотлар бўлиб ўтди. Хусусан, Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш палатаси раиси Бобоқул Тошев «Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда ОАВларнинг роли» мавзусида, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова «Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини таъминлаш — давлат сиёсатининг муҳим йўналиши» мавзусида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ бўлим бошлиғи Ўткир Очилов «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг ижроси» мавзусида, АОКА бўлим бошлиғи Садоқат Асланова «Ахборот жамиятида инсон ҳуқуқларини таъминлашда сўз эркинлиги муҳим индикатор сифатида» мавзусида нутқ сўзлади.
Кўргазмали тақдимотлар орқали матбуот котибларига инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва уларнинг мамлакатимиз қонунчилигига имплементацияси, шунингдек, мазкур жараённинг адолатли фуқаролик жамиятни қуришдаги роли юзасидан тушунчалар берилди. Шунингдек, ҳар бир вазирлик ва идора медиа сиёсатни юритишда масъулиятни унутмаслиги, ахборот манбалари билан ишлашда тизимлиликни таъминлаши муҳимлиги таъкидланди. Очиқ мулоқот руҳида ўтган машғулотларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Бугун мазкур семинар-тренинг ўз ишини якунлади ва тингловчиларга махсус сертификатлар топширилди.
- Қўшилди: 20.05.2022
- Кўришлар: 3272
- Чоп этиш