Делегация аъзолари Конституциявий комиссия фаолияти билан танишди

2022 йил 29 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидовнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар масалалари бўйича олий комиссари К.Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

А.Саидов мулоқот аввалида меҳмонларни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, юртимизда бўлаётган Конституциявий ислоҳотлар юзасидан батафсил маълумотлар берди.

 

Таъкидланганидек, аҳолининг Конституциявий қонун лойиҳасига ўз таклиф ва фикр-мулоҳаларини юбориши учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, мобиль алоқа компаниялари орқали мамлакатимиз фуқароларига Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклифларини юбориш мумкинлиги тўғрисида 30 миллиондан ортиқ абонентга СМС-хабарномалари юборилди. Натижада қонун лойиҳаси юзасидан берилган  таклифлар сони кескин ошди ва ҳозирги кунга қадар 100 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди.

 

Учрашувда қайд этилганидек, бугун ёшлар мамлакатимизда бўлаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнига фаол иштирок этмоқда ва аниқ фуқаролик позицияларини билдирмоқда. Айни вақтга қадар келиб тушган таклифларнинг салмоқли қисмини ёшлар томонидан юборилган таклифлар ташкил этаётгани эътиборга моликдир.

 

Суҳбат чоғида делегация аъзолари берилган кенг қамровли ва таҳлилий ахборот учун миннатдорлик билдириб, Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилишини билдирди.

 

Учрашув давомида делегация аъзолари Конституциявий комиссиянинг Таклифлар билан ишлаш гуруҳи фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

 

Меҳмонларга аҳоли ўз таклифларини Конституциявий комиссияга замонавий воситалар — “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформаси, қисқа рақамли колл-маркази, почта алоқаси, “Telegram” мессенжеридаги махсус бот орқали юбориш имконияти яратилгани ҳақида маълумотлар берилди.

 

Шунингдек, босма матбуот нашрлари, телевидение ва радио орқали ҳам таклифлар қабул қилинаётгани, жойларда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда халқ депутатлари Кенгашлари аҳолининг таклифларини оғзаки ёки ёзма шаклда қабул қилинаётгани хусусида ҳам сўзлаб берилди.

 

Делегация аъзолари шу куни Конституциявий комиссиянинг Матбуот хизмати фаолияти билан ҳам танишиб, амалга оширилаётган ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech