Беларусь давлати пойтахти Минск шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан чоп этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши ва Ўзбекистон халқи” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ушбу шаҳарда жойлашган мамлакатимиз Элчихонаси маълум қилди.
Тақдимот Беларусь Савдо-саноат палатаси томонидан “Савдо маслаҳатчиси куни – 2022” тадбири ва “Брест – қаҳрамон қалъа” ёдгорлик мажмуаси зиёрати доирасида ташкил этилди. Унда Беларусь мутасадди идоралари раҳбарияти, дипломатик корпус, академик муассасалар ва тадбиркор доиралар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда халқимизнинг 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси, фашизмга қарши жангларда қатнашган юртдошларимизнинг қаҳрамонликлари эътироф этилди. Ўша мудҳиш даврда фронторти таъминоти, яъни Ўзбекистондан жанг майдонларига мунтазам равишда етказиб турилган қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар ҳужумда кескин бурилишга сабаб бўлганлиги алоҳида таъкидланди.
Хусусан, “Брест – қаҳрамон қалъа” ёдгорлик мажмуаси директори ўринбосари Елена Митюкова урушнинг илк кунида Брест қалъасида фашизм ҳамласига мардларча қарши туриб, Ватан ҳимояси учун кўкрагини қалқон қилганлар орасида ўзбек жангчилари ҳам бўлганлиги ҳақида сўзлади. Унинг қайд этишича, ўзбекистонликлар душманга қарши мардонавор курашганлар.
Бу ўринда, жумладан, Жиззах вилояти Зомин туманида таваллуд топган Авазмат Ниёзматовнинг жасорати алоҳида эътироф этилиши бежиз эмас. Ушбу қаҳрамон юртдошимиз Брест қалъасидан чиқиб кетаётган қўшинларни ҳимоя қилиб турган. Бу масъулиятли ва қалтис жараёнда фашист босқинчилари билан юзма-юз жанг қилган. Энг асосийси, Авазмат Ниёзматов душман ҳужумини бир муддат тўхтатиб қўйган. Аммо, кучлар тенг бўлмаган олишувда – урушнинг биринчи кунида – ўзбек ўғлони қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Беларусь Савдо-саноат палатаси раиси Александр Головорёв Иккинчи жаҳон урушининг суронли йилларида қақшатқич жанглар кечган ҳудудларда, шу жумладан Беларусда истиқомат қилган минглаб зиёлилар, олимлар ва етим-есирлар Ўзбекистонда паноҳ топганлари, ярадорлар даволанганлари, ёш болалар меҳр-оқибат кўрганлари ҳақида тўхталди. Шу маънода, ўзбек халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси улканлигини таъкидлар экан, нотиқ беларусь халқи бундан ҳамиша миннатдорлигини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.08.2022
- Кўришлар: 5499
- Чоп этиш