Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси Ўзбек миллий академик драма театрида намойиш этилаётган “Адолат фасли” спектаклини томоша қилдилар.
Ушбу саҳна асарида улуғ аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, хусусан, Амир Темур ҳазратларининг адолатли давлат бошқаруви ҳақида ҳикоя қилинади. Улуғ Соҳибқирон бобомизнинг адолатли давлат бошқарувини тарихий далиллар орқали бадиий ифода этган мазкур асар Миллий марказ жамоасида катта таасурот қолдирди.
Бинобарин, спектаклда тараннум этилган одиллик ва инсонийлик тамойиллари ҳар бир қалбда эзгу туйғуларни жўш урдиради. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган мутахассисларнинг фаолиятига янги куч ва илҳом бериши шубҳасиз.
Маълумот учун: “Адолат фасли” тарихий драмаси Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим қаламига мансуб. Спектакль режиссёрлар Ўзбекистон санъат арбоби Бахтиёр Тўраев ҳамда Асқар Холмўминов томонидан саҳналаштирилган.
Адолатли ҳукмдор Амир Темур образини Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев катта маҳорат билан ижро этган. Шунингдек, Даврон Каримов (Мироншоҳ ролида), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамид Тошпўлатов (Маҳмуд Шаҳоб Хуросоний ролида), Аброр Сайназаров (Насриддин Маҳмуд образида), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шодия Абдуқодирова (Хонзода ролида) сингари актёрларнинг ижроси ҳам касбдошларимиз олқишига сазовор бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.09.2022
- Кўришлар: 5134
- Чоп этиш