Доно халқимиз: “Инсон – ғанимат”, дейди. Дарҳақиқат, биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғанимат. Қариялар қадр топган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик доим барқарор бўлади.
Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасида “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир” ояти зикр этилгани бежиз эмас. Кексаларга ҳурмат, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Шу маънода, 1 октябрь – Халқаро кексалар куни мамлакатимизда янада кенг нишонланаётгани табиий. Маълумки, ушбу халқаро сана 1990 йил 14 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 45-сессиясида таъсис этилган.
Бугунги кунда ривожланган давлатлар аҳолиси таркибининг 25 фоизи кекса авлод вакилларидан иборат ва ушбу кўрсаткич йил сайин ортиб бормоқда.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда 2015-2030 йиллар оралиғида 60 ёшдан ошган инсонлар сони 901 миллион нафардан 1,4 миллиард кишига ортиши мумкин. Бу рақам 2050 йилда 2 миллиард нафарни, яъни ер юзи аҳолисининг 20 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.
Кейинги йилларда инсоният бошига ёпирилган COVID-19 пандемияси билан боғлиқ турли офатлар инсонлар ўртасида шусиз ҳам омонат бўлиб турган гендер тенгликни бадтар танг ҳолга солиб қўйди. Чунки коронавирус инқирози ижтимоий-иқтисодий, экологик, тиббий ва иқлим билан боғлиқ муаммоларнинг қариялар, айниқса, кекса аёллар ҳаётига салбий таъсирини кучайтириб юборди.
Афсуски, БМТ мутахассислари тайёрлаган ҳисобот хулосалари биз яшаб турган ва тобора глобаллашиб бораётган дунёда ҳамма ҳам бирдек бағрикенг ва нуронийпарвар эмаслигини кўрсатмоқда. Сайёрамиз аҳолисининг тенг ярми, бошқача айтганда, заминдош ва замондошларимизнинг ҳар икки нафаридан биттаси кексаларга нисбатан салбий муносабатда экан.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, кексаларнинг мавжуд эҳтиёжлари ва аниқ муаммоларини ҳал этишга эътиборни янада оширишни тақозо этади. Шунингдек, аксарият ёши улуғ инсонларга зарур шароитлар яратиб берилса, улар ҳали ҳам жамият ҳаётига фойда келтиришда давом этиши билан боғлиқ имкониятларни ҳисобга олиш талаб этилади.
Бундай саъй-ҳаракатларнинг негизида, албатта, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш мезонлари мужассам. Нега деганда, дунёнинг айрим ҳудудларида бу борадаги аҳвол шундайки, ишхоналарда навқирон ходимларга яратилган имтиёз ва енгилликлардан кўпинча ёши улуғ инсонлар маҳрумдир.
Кексалик даври – болалик ва ёшлик даврлари каби ҳаётнинг табиий ҳамда узвий босқичидир. Биргина фарқ шундаки, инсон болалик ва ёшлик йилларида куч-қудрат ҳамда азму шижоатга тўла бўлса, аксинча, кексалик даврида жисмоний фаолият мезони камайиши ва куч-қудратнинг заифлашиши билан юзма-юз келади.
БМТ томонидан ҳар йили Халқаро кексалар куни доирасида қарияларни ҳимоялаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида турли фестиваль ва танловлар ўтказилади. Қолаверса, жаҳон миқёсида нуронийлар ҳаётини яхшилашга қаратилган БМТнинг Кексалик муаммолари бўйича мақсадли жамғармаси ҳам фаолият кўрсатиб турибди.
Ер юзидаги жами кекса аёлларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган сиёсий мулоқотларни йўлга қўйиш ва уларнинг барқарор тараққиётни таъминлашдаги ҳиссасини эътироф этиш устувор аҳамият касб этади.
Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритганда, биринчи навбатда, кексаларимизга ғамхўрлик кўрсатиш масаласи “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да алоҳида белгиланганини қайд этиш лозим. Шу маънода, мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Албатта, бунга қадар Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши – инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини, хусусан, кексаларни қўллаб-қувватлаш борасида жуда кўп хайрли ишлар қилинди. Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг тарқалиб, эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам берилди, қийинчилик ва синовлар баҳамжиҳат енгиб ўтилди.
Айниқса, 2021 йил 25 мартда қабул қилинган Президент фармони асосида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларини яхшилаш чоралари кўрилди. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, “Саховат” ва “Мурувват уйлари”, фахрийлар санаторий ва пансионатлари, бошқа қатор тиббий-ижтимоий муассасалар унинг тасарруфига ўтказилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 майдан ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари миқдори 12 фоизга оширилди. Бунинг натижасида 4 миллион 100 минг аҳоли хонадонига қўшимча маблағ кириб борадиган бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, Халқаро кексалар куни тадбирлари доирасида бундай эзгу амалларнинг кўлами янада кенгайди. Жумладан, меҳнат жамоаларида пенсияга чиқиш арафасида бўлган меҳнат фахрийларини тақдирлаш ва нафақага кузатиш амалиёти жорий этилди. Корхона ва ташкилотларда узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар хонадонларида бўлиб, уларни байрам билан қутлаш баҳонасида ҳолларидан хабар олинмоқда.
Таълим муассасаларида Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳамда Халқаро кексалар куни муносабати билан фахрий устозлар таклиф этилиб, улар учун байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Бинобарин, Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир.
Ғулом МИРЗО,
Ойдин ИБРОҲИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари.
- Қўшилди: 03.10.2022
- Кўришлар: 5052
- Чоп этиш