“Ҳар бир инсон ҳаётда қандай ютуққа эришган бўлса, уларда қадрдон ўқитувчи ва устозларининг беқиёс ҳиссаси борлигини умрбод миннатдорлик билан эслайди. Барчамизга аёнки, муаллимнинг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир”.
Давлатимиз раҳбарининг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табригида билдирилган ушбу фикрлар ҳар биримизни теран мушоҳада юритишга чорлайди. Ҳақиқатдан ҳам, инсоннинг камол топишида, бирор соҳада муваффақият қозонишида ва ўз орзуларига эришишида унга таълим ҳамда тарбия берган, тўғри йўл кўрсатган жонкуяр устозларнинг хизмати беқиёс.
Бу буюк зотлар илм ва маърифат нурлари билан қалбимиз, тафаккуримиз ва ҳаёт йўлимизни мунаввар этади. Эътиборлиси, мана шундай улуғ вазифани ҳеч қандай таъмасиз бажаради.
Устозларимиз эришган ютуғимиздан биздан-да кўпроқ суюнади. Қоқилсак, ўрнимиздан туришимиз учун беминнат кўмаклашади. Хато қадам ташласак, панд-насиҳатлар билан тўғри йўлга бошлайди.
Даҳоларни даҳо, олимларни олим, жаҳонгирларни жаҳонгир қилган ҳам, аслида, устоз. Шунинг учун устозлари қадрланган юртнинг буюк инсонлари кўп бўлади. Бундай давлат равнақ топади, халқ эса фаровон яшайди.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб муаллимларнинг қадрини юксалтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. 1997 йилдан эътиборан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида умумхалқ байрами шаклида нишонланади.
Айниқса, халқ манфаатлари ва инсон қадри устувор бўлган бугунги Янги Ўзбекистонда устоз ва муаллимларга яратилаётган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром таҳсинга лойиқ.
Албатта, меҳрибон ва фидойи ўқитувчиларимизнинг, ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан айтганда, қалам ушлашни ўргатиб, ҳарф танитган муаллимларимизнинг чеккан заҳмати ҳаққини минг ганж билан ҳам адо эта олмаймиз. Аслида, устозларимиз ишончини оқлаб, улар биздан кутган натижани кўрсатсак, яъни маърифатли бўлиб, Ватанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшсак, шунинг ўзи кифоя. Ҳар бир устоз шогирдидан фақатгина шуни кутади, холос.
Қадрли муаллимлар, жонкуяр ўқитувчилар, меҳрибон мураббийлар, дунёдаги энг улуғ ва шарафли касб эгалари – азиз устозлар! Сизларни яна бир бор касб байрамингиз билан табриклаймиз ва энг самимий эзгу тилакларимизни йўллаб қоламиз.
Шогирдларингиз муваффақиятидан ҳар доим қаддингиз тоғ, қадрингиз баланд бўлсин!
Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз шоир Абдулла Орипов мисралари билан айтганда:
Сиз мўжаз юракда ёқолган ёғду,
Оқибат қуёшдек соча олур нур.
Буюклар ҳаққига қасамёд гап бу:
Сиздан бошланади асли Тафаккур!
Оламда кўп эрур муборак онлар,
Табаррук зотлар ҳам гарчанд кўп эрур.
Сизгадир илк раҳмат, азиз устозлар,
Мунис муаллимлар, Сизга ташаккур.
Муқаддас ҚОСИМОВА,
Миллий марказ Ҳисоб-китоб бўлими ғазначиси;
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 04.10.2022
- Кўришлар: 5349
- Чоп этиш