Шу кунларда умумхалқ муҳокамасида келиб тушган таклифлар асосида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси маромига етказилмоқда. Лойиҳада, жумладан, юртдошларимиз Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши, шунингдек, барча фуқароларга мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши юзасидан билдирган таклифлар ҳам ўз аксини топмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасининг 28-моддасига кўра: “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахс республика ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ҳар ким республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқига эга”.
Агар янги нормалар билан тўлдирилган ушбу модданинг биринчи жумласини амалдаги Конституциянинг 28-моддаси биринчи жумласи билан солиштирилса, “Ўзбекистон Республикаси фуқароси” деган тушунча янги таҳрирдаги матнда “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахс” деган мазмунда кенгайтирилганини кузатиш мумкин.
Энг асосийси, таклиф этилаётган таҳрирда мавжуд нормалар аниқлаштирилган. Хусусан, нафақат фуқароларнинг, балки мамлакатимизда қонуний асосда юрган ҳар бир кишининг бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш, яшаш жойини эркин танлаш ва республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган.
Фикримизча, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахс деганда, бир томондан, фуқаролиги бўлмаган юртдошларимиз, иккинчи томондан, халқаро ҳуқуқ талаблари доирасида юртимизда бўлиб турган хорижий фуқаролар ҳам тушунилади.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда фуқаросизликка барҳам бериш борасидаги вазият кейинги беш йилда тубдан ўзгарди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш билан боғлиқ чақириғига жавобан биргина 2021 йилнинг ўзида 56 минг 751 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлди.
Кейинги даврда янгиланган "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, мамлакатимизда камида 15 йил давомида яшаб турган ва доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри фуқаролик берилишининг янги тартиби ўрнатилди.
Бундан ташқари, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг 2024 йилгача фуқаросизликка барҳам бериш бўйича Глобал ҳаракатлар режасига кўра, Ўзбекистонда туғилиш ҳолатларини ялпи рўйхатга олишни таъминлаш мақсадида чақалоқларни, шу жумладан, ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ота-оналардан туғилган болаларни расмийлаштириш амалиётига ўзгаришлар киритилган.
Фуқаролик ва фуқаросизлик бўйича модул ҳамда мазкур модул асосида ўқитувчиларга таълим бериш дастури ишлаб чиқилди. Марказий Осиёда фуқаросизликни камайтириш ва тугатиш масалаларига бағишланган қўшма тадбирлар ташкил этилди. БМТнинг 1954 йилги Апатридлар мақоми тўғрисидаги конвенцияси ва 1961 йилги Фуқаросизликни қисқартириш тўғрисидаги конвенцияси ҳамда Фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳимоя қилиш бўйича Раҳбарий қоидалар ўзбек тилига таржима қилинди ва нашр этилди.
БМТнинг 1961 йилги Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенциясига қўшилар экан, ҳукуматлар фуқароликка бўлган устувор ҳуқуқни ҳимоя қилишга содиқлигини намоён этади. Зеро, инсон қадри – улуғ, инсон ҳуқуқлари бардавомдир.
Шахснинг фуқароликка эгалиги жамият ҳаётига тўлақонли иштирок этиш, хусусан, сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш, сайловда иштирок этиш, мулк ҳуқуқидан фойдаланиш, меҳнат, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳуқуқларини қонуний асосда кенг рўёбга чиқариш имкониятларини кафолатлайди. Фуқаролик, шунингдек, инсоннинг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, мамлакатга келиш ва ундан чиқиб кетиш каби бошқа бир қатор ҳуқуқларини ҳам таъминлайди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 13-моддасида ҳар бир инсон ҳар бир давлат доирасида бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ва ўзига яшаш жойини танлаш, исталган мамлакатни, шу жумладан, ўз мамлакатини тарк этиш ва ўз мамлакатига қайтиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.
Яшаш жойини танлаш эркинлиги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 12-моддасида кўрсатилган. Пактда қайд этилишича, ушбу эркинлик қонунда назарда тутилган, давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлигини ёки ахлоқ-одобини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ва Пактда эътироф этилган бошқа ҳуқуқлар билан мос келадиган чекловлардан бошқа ҳеч қандай чекловларга дучор бўлмаслиги керак.
Шу маънода, ҳозирги кунда Конституция ислоҳоти доирасида кўриб чиқилаётган конституциявий кафолат давлатга ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва ушбу эркинликларнинг асоссиз ҳамда қонунга хилоф равишда чекланишига йўл қўймаслик мажбуриятини юклайди. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ва яшаш эркинлиги шахс ҳуқуқларининг устуворлиги тамойилига риоя қилиш асоси бўлиб хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев сиёсати туфайли Конституциянинг 28-моддасида мустаҳкамланган инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириши учун қулайликлар туғилди. Яъни, юртдошларимизнинг хорижий мамлакатларга чиқиши осонлашди. Чет эл сафарини истаганлар учун стикер олиш тартиби бекор қилиниб, ўрнига «қизил паспорт» жорий қилинди.
Мамлакатимизда очиқлик сиёсатини таъминлаш учун 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти яратилди. Яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди. Бу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг очиқ давлат мақомини қўлга киритди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати маълумотига қараганда, 2022 йил 9 ойида Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Буюк Британия, Туркия, Германия, Япония каби давлатларга 27 мингдан ортиқ фуқаро манзилли ишларга жўнатилган. Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимизнинг иш берувчиларидан 834 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган.
Агентлик томонидан жами 206 мингдан ортиқ фуқарога хизматлар кўрсатилган. Хусусан, 183 мингдан ортиғига — маслаҳат хизмати, 6 минг 63 нафарига — ҳуқуқий, 15 мингдан ортиғига — ижтимоий, 2 минг 595 нафарига — моддий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 198 нафар фуқаро вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 844 нафар фуқаро эса Ўзбекистонга олиб келинган.
Шундай қилиб, юртимизда истиқомат қиладиган ҳар бир инсон давлат раҳбарининг: “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган қатъий иродаси ва принципи ҳаётимизда нечоғлик самарадор тасдиғини топаётганига амалда гувоҳ бўлмоқда.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 12.10.2022
- Кўришлар: 5461
- Чоп этиш