Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш йўлида

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларига қарашли юридик шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятларига тегишли ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Қарорга мувофиқ:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 апрелдаги ПҚ–208-сон қарорининг 2-бандида бюджет буюртмачилари учун назарда тутилган чекловлар Электрон кооперация порталида рўйхатдан ўтган, ходимлари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни харид қилишга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилди.

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг кўргазма ярмаркасини доимий тарзда ўтказиш графикларини тасдиқлайди.

Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳудудларда кўргазма ярмаркасини ўтказиш учун зарур павильонларни аниқлайди ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади. Бунда:

ҳудудларда кўргазма ярмаркасини ўтказиш учун зарур павильонлар бепул тарзда ажратилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари мазкур кўргазма ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул ҳисобланади.

Учинчидан, давлат буюртмачиларига ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, кўргазма ярмаркалари давомида ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар билан улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни уч йилгача муддат давомида кафолатли харид қилишни назарда тутувчи шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади.

Тўртинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчилари ўз ҳудудида фаолият юритаётган, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ҳажми ва техник параметрлари тўғрисидаги ахборотларни 2022 йил 15 ноябрга қадар Электрон кооперация порталига жойлаштирилиши ва мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлайди.

Бешинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари зиммасига доимий тарзда ўз ҳудудида тадбиркорлик субъектлари учун ўтказиладиган кўргазма ярмаркаси доирасида ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг ўз маҳсулотлари билан иштирок этишини таъминлаш вазифаси юкланди.

Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ушбу вазифалар ўз муддатида ва сифатли бажарилиши ҳамда ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг фаолиятига кўмаклашиш ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш юзасидан шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилди. Улар амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритиб боради.

Бундан ташқари, Президент қарорига биноан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг:

а) 2023 йил 1 январга қадар ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар ҳамда улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ягона реестри юритилишини ташкил этиш;

б) тадбиркорлик субъектлари томонидан иш ўринлари ва шароитларни ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратишда ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган иш ўринларининг меҳнат шароитлари юзасидан давлат экспертизаси хулосасини талаб қилиш тартибини бекор қилиш бўйича таклифлари маъқулланди.

Қарорда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларига қарашли юридик шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид бошқа бир қатор долзарб вазифалар ҳам кўзда тутилган.

Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech