МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШЛАШ: Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланмоқда

Янги Ўзбекистонни барпо этишда “Инсон, унинг қадри, ҳуқуқлари ва эркинликлари – олий қадрият”, деган тамойил муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ўз фаолиятини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга йўналтириши зарурлигини англатади.

Мамлакатимиз Конституциясининг 35-моддасига мувофиқ, “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”.

Ушбу конституциявий нормаларнинг ҳаётга теран татбиқ этилиши йўлида кейинги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида муҳим натижаларга эришилди. Айни вақтда Тараққиёт стратегиясида давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилишга қаратилган устувор вазифалар амалга оширилмоқда.

Бу, ўз навбатида, инсоннинг ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилишдек муҳим ҳуқуқини амалга ошириши учун янада кенг имкониятлар яратади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ҳам аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тизими самарали йўлга қўйилган. Бу борада Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими тизимли фаолият олиб бормоқда.

Айни йўналишда Миллий марказ зиммасига, жумладан:

  • жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;
  • мурожаатларнинг ҳал қилиниши мониторинги ва таҳлилини амалга ошириш;
  • давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, шу жумладан жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолият амалиётини жойларда бевосита ўрганиш;
  • манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларга инсон ҳуқуқларига риоя этилишини, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланишини таъминлаш бўйича тавсиялар бериш вазифалари юклатилган.

Бугунги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан фуқароларнинг мурожаатлари мунтазам кўриб чиқилмоқда. Уларга муаммоларини бартараф этиш борасида тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда.

Ушбу жараёнда, “Инсон қадри учун” тамойилидан келиб чиққан ҳолда, Миллий марказ масъуллари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ҳам кўплар мурожаатларнинг ижобий ҳал қилинишига эришилди. Бу фикримизнинг тасдиғи учун айрим ҳаётий мисоллар келтирамиз.

Жорий йил 20 январь куни фуқаро Ф.Багаува Миллий марказга ариза билан мурожаат қилиб, Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ туманида жойлашган “Дилроз” қўшма корхона шаклидаги масъулияти чекланган жамияти билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани ва унга асоссиз равишда меҳнат дафтарчаси берилмаётганидан норозилик билдирган. Мурожаат юзасидан 2022 йил 24 январь куни Тошкент вилояти прокуратурасига тавсия хати киритилган.

Вилоят прокуратураси ўтказган текшириш натижасида аниқланишича, 2019 йил 1 май куни фуқаро Ф.Багаува “Дилроз” қўшма корхонасига ходимлар бўлими инспектори вазифасига ишга қабул қилинган. Ўтган йил 26 мартда фуқаронинг ўз хоҳишига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Бироқ, фуқаронинг меҳнат дафтарчаси асоссиз равишда унга тақдим этилмаган. Шу боис жорий йилда “Дилроз” масъулияти чекланган жамияти директори вазифасини вақтинча бажарувчи Е.Ракитянскийга нисбатан вилоят Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан Меҳнат кодексининг 108-моддаси талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилган.

Шунингдек, фуқаро Ф.Багауванинг манфаатини кўзлаб меҳнат дафтарчасини қайта тиклаш ҳамда “Дилроз” МЧЖ ҳисобидан кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи ундириш ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Юқоричирчиқ туманлараро судига даъво ариза киритилиши таъминланган.    

Яна бир мисол: фуқаро Феруза Сафарова 2-гуруҳ ногирони эканлигини, соғлиги кескин ёмонлашганлиги муносабати билан даволанишга зарурат юзага келганлиги сабабли қонунчиликда ўрнатилган тартибда 2.000.000 сўм миқдорида маблағ ажратилишида амалий ёрдам сўраб,  Миллий марказга мурожаат қилган. 

Ушбу фуқаронинг сўрови бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигига тавсия хати киритилган. Натижада мурожаат қаноатлантирилиб, Ф.Сафаровага Халқ банки Яшнобод туман филиали томонидан  2.000.000 сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилган.

Миллий марказ томонидан фуқаро Малика Ражабованинг аризаси ҳам ўрганилиб, мазкур мурожаат юзасидан Бухоро вилояти прокуратурасига тавсия хати киритилган. Бунинг натижасида М.Ражабовага “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1.080.000 сўмлик моддий ёрдам ажратилган, аёлнинг икки нафар вояга етмаган фарзанди учун 200.000 сўмдан бир марталик моддий ёрдам тўлаб берилган.

Бундан ташқари фуқаро М.Ражабовага 2-гуруҳ ногиронлик пенсия тўлови тўланиши йўлга қўйилган. Унинг Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази нуклеар тиббиёт бўлимида радиотерапия олиши учун электрон имтиёзли йўлланмага навбатга қўйилиши ҳам таъминланган.

Яна бир фуқаро Ҳалима Махамадиева икки нафар фарзанди таъминоти учун 14 ёшгача бўлган нафақа тўланиши ва “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилишида амалий ёрдам сўраган. Мурожаат ўрганилиб, Ҳ.Махамадиева “Аёллар дафтари”нинг ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар рўйхатига киритилиши таъминланган.

Шунингдек, Ҳ.Махамадиеванинг фарзандлари таъминоти учун тўланиши лозим бўлган нафақа пуллари бўйича йўллаган мурожаати юзасидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига маълумот киритилиб, болалар нафақаси тайинланган.

Миллий марказ томонидан киритилган тавсия хати асосида фуқаро А.Азикаеванинг аризаси Фуқаролик ишлари бўйича Яшнобод туманлараро судида кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган ва муаллифнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилган. Шу муносабат билан фуқаро А.Азикаева Марказ раҳбариятига миннатдорчилик хати йўллаган.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида белгиланган талаблардан келиб чиқиб, Миллий марказда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда, қабул қилиш жадвалига мувофиқ ўтказилмоқда.

Таҳлиллар Миллий марказга мурожаатларнинг аксарият қисмини шахсий қабул жараёнида келиб тушган мурожаатлар ташкил қилишини кўрсатмоқда.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Миллий марказ масъул ходимларининг янги давр талабларига мос ҳолда аҳоли билан юзма-юз мулоқот асосида иш олиб бораётганидан, ана шу масъулиятли жараёнда инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишига алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолатдир. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши керак”.

 

Фарида Хакбердиева,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатлари билан ишлаш бўлими

бош мутахассиси

"Куч адолатда" газетаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech