Ўзбекистон ТИВ ЖИДУ ҳузуридаги Дипломатик академия биринчи тингловчиларни қабул қилди

ТОШКЕНТ, 2 ноябрь. /«Дунё» АА/. Кеча Ташқи ишлар  вазирлигининг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ЖИДУ қошидаги Дипломатик академиянинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти Администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва ЖИДУ раҳбарияти, вазирлик ва идоралар, Тошкент шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.

Маърузаларда давлатимиз раҳбари томонидан тизимли асосда дипломатик кадрлар тайёрлаш, шунингдек, давлат бошқаруви тизими ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари орасидан муносиб номзодларни танлаб олиш, Ўзбекистон миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда етакчи дипломатик кадрлар захирасини яратиш, уларнинг малакасини ошириш ва кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

2022 йил 23 июль куни Ўзбекистон Президентининг «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тизимли ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур Фармон доирасида ташкил этилаётган янги таълим дипломатик тузилмаси – Дипломатик академиянинг моддий-техник базасини шакллантириш ва профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Дипломатик академия ташкил этилиши билан дипломатик кадрлар тайёрлашнинг икки босқичли тизимини тўлақонли шакллантириш жараёни якунланмоқда.

Дипломатик академиянинг устувор вазифаларига қуйидагилар киради:

- дипломатия ходимларини, хусусан, юқори даражадаги дипломатларни тизимли асосда тайёрлаш;

- давлат бошқаруви тизими ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари орасидан муносиб номзодларни танлаш, уларни тайёрлаш ва етакчи дипломатик кадрлар захирасини шакллантириш;

- давлат хизматчилари, шунингдек халқаро мутахассисларни қисқа муддатли ва узоқ муддатли малака ошириш курсларида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

- етакчи хорижий таълим муассасалари билан магистратура ва олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг қўшма таълим дастурларини жорий этиш;

Дипломатик академия курсларининг биринчи талабалари Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари, шунингдек, республиканинг қатор бошқа вазирлик ва идоралари вакиллари бўлди.

ЖИДУ ҳузуридаги Дипломатик академиянинг ташкил этилиши нафақат жаҳон майдонининг турли платформаларида миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш имкониятига эга бўлган маҳаллий дипломатик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва захирасини яратиш, балки республикамизнинг ташқи иқтисодий фаолияти салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech