Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Хорижий мутахассислар: Ўзбекистоннинг илғор тажрибасини кўп давлатларда қўллаш мумкин
 

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган II Бутунжаҳон конференциясида иштирок этаётган хорижлик эксперт ва мутахассислар журналистлар билан мулоқот чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган самарали ислоҳотларни бир овоздан эътироф этишмоқда.

Атта Бааҳ, Гана Таълим вазирлиги мутахассиси:

- Ушбу халқаро форум, назаримда, дунёнинг турли мамлакатларидаги мавжуд камчиликлар ва муаммоларни чуқурроқ таҳлил қилиш, баҳолаш имконини беради. Конференция баҳонасида Ўзбекистондаги мактабгача таълим тизими фаолияти билан қисман танишдик. Айни йўналишдаги юқори натижаларни эътироф этиш керак. Айниқса, инклюзив таълимга алоҳида эътибор қаратилгани қувонарли. Нафақат мен, балки бошқа мутахассислар ҳам шу жиҳатни юқори баҳолаяпти. Бу ерда кўрганимиз - илғор тажрибани Ганада бемалол қўллаш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маърузасида ҳам келажак эгаларига ғамхўрлик қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани акс этган. Айниқса, Ўзбекистонда кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси жуда тез суръатда ўсаётгани яхши натижа.

Догдургул КЕНДИРБОЕВА, “Роза Отунбоева ташаббуси” халқаро жамоат фонди директори:

– Икки кундан буён Тошкентдамиз. Анжуман доирасида ялпи мажлис, семинар, сессия ва давра суҳбатлари ўтказиляпти. Ёш болалар тарбияси ва таълимини такомиллаштириш, ўғил-қизлар интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари камолоти учун қулай шарт-шароит яратишда давлат ва жамиятнинг ўрни каби муҳим йўналишлардаги долзарб масалалар, сўнгги йилларда олиб борилаётган илмий изланишлар муҳокама қилиняпти.

Ҳозиргина Президент маърузасини эшитдик. Айтишим жоиз, Ўзбекистон таълим, хусусан, мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ишлар борасида минтақа бўйича етакчилардан. Бу жиҳатни ўрганиш, мамлакатларимизга татбиқ қилиш жуда фойда бўлади. Мамлакатингизда бугунги кунда 70 фоиз болалар мактабгача таълим билан қамраб олингани маълум. 2025 йилга бориб бу кўрсаткич юз фоизга етказилиши режалаштирилган экан. Бу жуда юқори натижа бўлади.

Маълуми, инсон капиталини ривожлантиришга маблағ сарфлаган қайси давлат, албатта, ривожланиб, юксалиб бораверади. Ўзбекистонда инсон, айниқса, кичик ёшдаги болаларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик ва сарфланаётган маблағ кун келиб мамлакатингиз янада юксалишига, энг ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишига замин яратади.

Гўзал Сатторова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech