Мустақил давлатнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олишида, уни дунёга танишда давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор. Лекин бирор бир рамз мамлакатни Давлат байроғичалик жаҳонга танита олмайди.
18 ноябрь - Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган кун.
Мазкур сана муносабати билан Бош прокуратурада “Муқаддасдир Ватан байроғи” мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда прокуратура органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси масъул ходимлари, Бош прокуратура Академияси профессор-ўқитувчилари, докторант ва мустақил изланувчилари, магистратура тингловчилари, Фахрийларни ижтимоий қўллаб- қувватлаш жамоатчилик маркази ҳамда Жамоатчилик кенгаши раислари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.
Тадбирни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев кириш сўзи билан очиб, Давлат байроғи – бу мустақиллик, истиқлол ва озодлик, обод ва фаровон ҳаётимиз рамзи, шу муқаддас ватанда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ифтихори сифатида эътироф этилишини таъкидлади.
Шунингдек, Давлат байроғи ёшларни она Ватанга меҳр-муҳаббат, садоқат, мардлик ва жасорат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон Давлат герби муаллифи Анвар Мамажонов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори Ўткирбек Очиловлар маъруза қилишди.
Тадбир сўнггида фуқароларни Давлат рамзларига нисбатан ҳурмат, фахр, муҳаббат руҳида муносабатда бўлиши борасида ташвиқот-тарғибот ишларини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
- Қўшилди: 18.11.2022
- Кўришлар: 5382
- Чоп этиш