“Замин” фонди ва ЮНИСЕФ томонидан Бутунжаҳон болалар кунига бағишлаб гибрид форматда “Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида халқаро форум ўтказилди.
Форумда “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева нутқ сўзлади.
— Ўзбекистоннинг Болалар, ёшлар ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳаракатлари тўғрисидаги декларацияга қўшилганини чин дилдан олқишлаймиз. Бу муҳим қадам, мамлакатимиз болаларнинг том маънода ҳаёти учун, ёрқин келажаги учун курашишга содиқлигининг белгиси. Соғлом сайёра, тоза ҳаво, хавфсиз муҳит. Айнан шулар болаларнинг воқелигига айланиши шарт. Биз шунчаки қараб тура олмаймиз. Ҳар биримизнинг ҳиссамиз, табиат учун қилган ҳар бир ҳаракатимиз барқарор атроф-муҳитга эришиш йўлида муҳим ўрин тутади. Фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва аниқ амалларимиз билан ушбу мақсадга эришишимиз мумкин, - деди Зироат Мирзиёева.
Форум қонунчилик асосларини такомиллаштириш орқали экологик муаммо ва таҳдидларнинг олдини олиш бўйича глобал ва миллий миқёсда амалга оширилаётган ҳаракатлар юзасидан амалий фикр алмашиш учун самарали майдон бўлди.
- Қўшилди: 18.11.2022
- Кўришлар: 5045
- Чоп этиш