Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев келгуси ҳафтада Франция Президентининг таклифига мувофиқ ушбу мамлакатга ташриф буюради. Бу давлатимиз раҳбарининг сўнгги тўрт йилдаги иккинчи ташрифи бўлади.
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Ўрта асрларда Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги ёзишмаларда ўзаро мунтазам савдо алоқаларини ўрнатиш ҳақида сўз боргани тарихий манбалар орқали маълум.
Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида жами тўрт маротаба олий даражадаги ташрифлар амалга оширилган – Францияга 3, Ўзбекистонга 1 маротаба.
Президентимиз илк бор Президент Э.Макроннинг таклифи асосида 2018 йилнинг 8-9 октябрь кунлари Францияга расмий ташриф билан келган эди. Ўшанда 3,4 миллиард еврога тенг келишув ва савдо шартномалари имзоланган.
Мазкур келишувлар натижасида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва ижтимоий соҳалар бўйича ҳамкорлик сезиларли даражада ривожланди.
Ташриф якунида ўндан ортиқ муҳим икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, инвестиция битимлари ва савдо шартномалари тўпламининг қабул қилиниши режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, Шавкат Мирзиёевнинг Францияга иккинчи ташрифи ҳар томонлама самарали бўлиши кутиляпти.
Юқоридаги суратда Амир Темурнинг Франция қироли Карл VI га ёзган мактуби акс этган.
ЎзА
- Қўшилди: 21.11.2022
- Кўришлар: 4836
- Чоп этиш