Жорий йил 21 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар салоҳиятини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари” мавзусида минтақавий семинар ўз ишини бошлади. Ушбу икки кунлик тадбирда Марказий Осиё давлатлари инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбул шаҳридаги минтақавий маркази ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлми кўмагида ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади – минтақада инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш борасида мавжуд муаммоларни инобатга олган ҳолда, Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар салоҳиятини ривожлантиришга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатишдан иборат.
Минтақавий семинарда иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова ҳам бор. Д.Муратова анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиқди ва ўз маърузасини тақдим этди.
Тадбир доирасида, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари Глобал альянси аккредитацияси, мазкур институтларнинг БМТ инсон ҳуқуқлари механизмлари билан ўзаро ҳамкорлиги, низоли вазиятларда юзага келадиган минтақавий муаммолар ва ўзаро боғлиқ заифликларга нисбатан инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли, иқлим ўзгариши ва бизнес жараёнида инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш мавзуларидаги маърузалар тингланмоқда.
Мазкур семинар Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасида тажриба алмашиш, шунингдек, бошқа минтақалардаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг илғор амалиётлари билан танишиш имкониятини яратади.
Йиғилиш доирасида Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари форуми экспертлари ҳамда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, БМТнинг тегишли тузилмалари вакиллари илғор тажрибаларини тақдим этмоқда.
Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни қўллаб-қувватлаш бўйича Марказий Осиё ташаббуси 2016 йил ноябрь ойида БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбул шаҳридаги минтақавий маркази ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими кўмагида ташкил этилган платформадир. Ушбу минтақавий тушуббусда Марказий Осиёнинг бешта давлати инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг ҳам муносиб ўрни бор.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.11.2022
- Кўришлар: 4916
- Чоп этиш