2022 йил 21 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимларининг Тошкент вилояти, Тошкент тумани аҳолиси билан учрашувида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунийликка риоя этилиши аҳволи билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида”ги Низом талаблари асосида ташкил этилди. Унда Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими вакиллари қатнашди.
Тошкент туманининг 2-секторида ташкил этилган мазкур учрашувда туман прокурори, туман ички ишлар бўлими, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, хотин-қизларни қўллаб- қувватлаш бўлими, тумандаги хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар, тиббиёт, халқ таълими тизимлари масъул шахслари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари ва маслаҳатчилари ҳамда 70 нафарга яқин фуқаро иштирок этди.
Учрашувда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик, унинг ижросини таъминлашга ва назорат қилишга масъул идоралар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти бўйича тушунчалар берилди. Шундан сўнг фуқаролар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мулоқот асносида 20 нафардан ортиқ фуқаро турли масалалар билан мурожаат қилди. Айрим мурожаатлар сектор вакиллари томонидан 3-5 кун ичида ҳал қилинадиган бўлди.
Вилоят ҳамда республика идоралари миқёсида ҳал этилиши мумкин бўлган мурожаатлар Миллий марказда ўрганиб чиқилиб, тегишли идораларга тавсиялар киритилиши ҳақида мурожаат эгаларига маълумот берилди. Бу ўринда яшаб турган турар-жойни хусусийлаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларни имтиёзли уй-жой билан таъминлаш, МФЙ ходимларининг иш ҳақига 30 фоизлик устама тўланиши каби масалалар ҳақида сўз бормоқда.
Отабек Норбоев,
Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахслар
мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 22.11.2022
- Кўришлар: 4929
- Чоп этиш