Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити якунларига бағишланган онлайн конференция иштирокчиларига мурожаат қилар экан, ТДТ Бош котиби ўринбосари Гисмат Гозалов туркий цивилизация пойтахти Самарқандда ўтказилган анжуман ушбу тузилма фаолиятида тарихий бурилиш нуқтасига айланганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мазкур тадбир туркий давлатларнинг янада чуқур интеграциялашуви жараёнини бошлаб берди, шунингдек, Ўзбекистоннинг ТДТга раислигига муҳим туртки берди.
Г.Гозалов таъкидлаганидек, ушбу муҳим сиёсий тадбир давомида Қўшма декларация қабул қилинди ва Ташкилотнинг иқтисодиёт, транспорт ва институтлашиш соҳасида қатор кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди. Аъзо давлатлар минтақанинг бутун иқтисодий ва транзит салоҳиятидан фойдаланган ҳолда савдо алоқасини чуқурлаштиришга интилмоқда.
- Тарихий қардошлик, тил ва маданий алоқалар яқинлиги ҳамда ноёб географик жойлашув туфайли ТДТ макони Евроосиё қитъаси ва бутун дунёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшадиган, сезиларли сиёсий ва иқтисодий фойда келтиришни ваъда қиладиган янги геосиёсий воқеликка айланмоқда. – дея сўзини якунлади Бош котиб ўринбосари.
Ғ.Хонназаров ёзиб олди.
ЎзА
- Қўшилди: 23.11.2022
- Кўришлар: 5051
- Чоп этиш