Жиноятчиликка қарши курашишнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинди

Ҳозирги мураккаб шароитда жиноятчилик масаласи кўп қиррали ҳамкорликни тақозо этадиган долзарб муаммога айланди. Шу маънода, кейинги йилларда мамлакатимиз миллий тажрибасида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали тизим яратилгани муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 2022 йил 25 ноябрь куни Ички ишлар вазирлиги Академиясида  “Жиноятчиликка қарши курашишнинг долзарб муаммолари: назария ва амалиёт” мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференцияда сўзлаган нутқида шундай деб таъкидлади. 

 – Айниқса, Ўзбекистоннинг глобал барқарорликни таъминлашга қаратилган қатъий ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда, – А.Саидов. – Бугунги илмий-амалий конференция шуниси билан аҳамиятлики, унда жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, айни жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш орқали жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида муҳим тавсиялар билдирилди.

Илмий-амалий конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати вакиллари, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг (UNODC) Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси экспертлари, қатор вазирлик ва идоралар мутасаддилари, шунингдек, онлайн форматда Россия Федерацияси, Туркия, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон етакчи таълим муассасаларидан мутахассислар иштирок этди.

Конференция ишини ИИВ Академияси раҳбари Рустам Хатамов очиб, глобал ва минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган хавф-хатарлар, барқарор ривожланиш ва жиноятчиликка қарши курашишда кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари, бу борада Ўзбекистон миллий стратегиясининг устувор жиҳатларига атрофлича тўхталди.

Конференцияда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёда одам савдоси ва мигрантлар контрабандасига қарши курашиш бўйича минтақавий маслаҳатчиси Реда Сиргедиене, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров ва бошқалар сўз олиб, анжуманнинг муҳим йўналишларига эътибор қаратди.  

Шундан сўнг маҳаллий ва халқаро экспертларнинг “Замонавий Ўзбекистон жиноят қонунчилигини такомиллаштиришнинг долзарб йўналишлари”, “БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг одам савдоси ва мигрантлар контрабандасига қарши курашиш бўйича ташаббуслари”, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишнинг муаммо ва ечимлари”, “Кибержиноятларни тергов қилиш методикасини такомиллаштириш масалалари”, “Жиноятчиликка қарши курашишнинг янги векторлари”, “Рақамлаштириш даврида жиноий сиёсатнинг асосий тенденциялари” мавзуидаги маърузалари тингланди.

Куннинг иккинчи ярмида конференция иши белгиланган мавзулар бўйича алоҳида шўъбалар кўринишида давом эттирилди. Мунозаралар жараёнида жиноятчиликка қарши курашишнинг назарий ва амалий жиҳатлари, хусусан, янги кўринишдаги таҳдидларнинг олдини олишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бу борада айрим давлатлар миллий қонунчилигининг ўзига хос хусусиятлари, таълим соҳасида тажриба алмашинувини кенгайтиришда истиқболдаги асосий йўналишлар юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Мазкур соҳадаги муаммоларнинг илмий-амалий ечимларига қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди. Иштирокчилар конференция якунларига бағишланган илмий мақолалар тўпламини чоп этишга келишиб олдилар.  

Халқаро конференция доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Ички ишлар вазирлиги Академияси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси

ҚМПТИ

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech