Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, халқимиз ҳаёт даражасининг юксалишига, хорижий инвестицияларнинг кенг жалб этилишига ва илғор технологиялар ҳамда янги ғояларнинг кириб келишига хизмат қилиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижининг ошишига олиб келади.
Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан жорий йилнинг 29 ноябрь куни 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 16.3-вазифаси (Қонун устуворлигига кўмаклашиш ҳамда барча учун одил судловдан фойдаланиш бўйича тенг имкониятларни таъминлаш) ижроси доирасида «Одил судловни самарали таъминлаш» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Таъкидланганидек, давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад ҳам мазкур йўналишда масъуллар томонидан амалга оширилган ишлар билан жамоатчиликни яқиндан таништириш, биргаликда очиқ муҳокама қилиш, мавжуд фикрларни ўртага ташлаш, шунингдек, олдинда турган муҳим вазифаларни белгилаб олиш, энг асосийси, юзага келаётган муаммоларни биргаликда бартараф этишдан иборат.
Мавзу юзасидан сўзга чиққан Олий суд, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирликлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтишди.
Қайд этилишича, барқарор ривожланиш мақсадлари халқимизнинг фаровонлиги, давлатимизнинг ривожланиши учун ҳаракат режаси бўлиб, у дунё тинчлигини мустаҳкамлаш, қашшоқликни барча шакл ва кўринишларига барҳам беришга қаратилган.
Шу боис дунёнинг бошқа давлатлари каби Ўзбекистон ҳам ушбу кун тартибига қўшилган ва Барқарор ривожланиш мақсадларини миллий миқёсда амалга ошириш мажбуриятини олган. Бу борада Парламент комиссияси фаолияти йўлга қўйилиб, парламент назорати ўрнатилган.
Тадбирда билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, масъул вазирлик ва идоралар асосий эътиборини ушбу кўрсаткичларга эришишга қаратиши алоҳида айтиб ўтилди.
Тадбир якунида мазкур йўналишдаги ишларнинг изчиллигини таъминлаш ҳамда самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор тавсиялар ҳам бериб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
- Қўшилди: 30.11.2022
- Кўришлар: 4970
- Чоп этиш