XXI асрда инсонпарварлик: инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асоси сифатида

Ярославль шаҳрида "Петербург мулоқоти" форумининг "Фуқаролик жамияти" ишчи гуруҳи ҳомийлигидаги “XXI асрда инсонпарварлик: инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асоси сифатида” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклидаги мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов иштирок этди ва маъруза қилди.

Қайд этилганидек, дунёдаги барча цивилизациялар, маданият ва динлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги таянч тушунчаларнинг шаклланишига асос бўлган инсонпарварлик ғоялари таъсирида вужудга келган. Хусусан, бундан 2700 йил муқаддам Осиё ҳудудида яратилган энг кўҳна ёзма ёдгорлик —“Авесто” китобида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари негизида барпо этиш ғоялари муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, Шарқнинг буюк ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний XII асрдаёқ ўзининг “Ҳидоя” асарида ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини сақлаш зарурлиги тўғрисида муҳим ғояни илгари сурган эди. Ана шу муқаддас қадриятлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ва мазкур тадбир кун тартибига ҳамоҳангдир.

Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов ўз сўзида бундан 74 йил аввал қабул қилинган Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси бутун дунёда демократия ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш борасида янги имкониятлар очганлигини қайд этди.

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилганлиги, парламент ваколатлари сезиларли даражада кенгайиб, жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланганлиги ва фуқаролик жамияти институтлари фаол ривожланаётганлигини билдирди.

Тадбирда шунингдек, кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тузилмалар билан яқин шериклик кенгайгани, ҳуқуқни ҳимоя қилиш борасида ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан амалий мулоқот йўлга қўйилгани ва бу муҳим ишлар қатъий давом эттирилаётгани алоҳида таъкидланди.

А.Саидов сўзининг якунида тадбирнинг барча иштирокчилари ва меҳмонларига самарали фаолият олиб боришини тилаб, уларни жорий йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Глобал форумга таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech