Миллий марказда БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитаси экспертлари билан учрашув бўлди

2022 йил 30 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитасининг Европа, Яқин Шарқ, Марказий Осиё бўйича бўлими бошлиғи Аҳмед Эссмат Сейф Эл-Давла Аббос бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Учрашувда делегация аъзолари – БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитасининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Эндрю Бегг, МДҲ Аксилтеррор маркази Департаменти раҳбарининг ўринбосари Антон Арефьев, ЕХҲТнинг терроризмга қарши кураш масалалари бўйича катта ҳуқуқий маслаҳатчиси Мануэль Айзинг, БМТ Аксилтеррор бошқармасининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Диана Дигол, БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси жиноятчиликнинг олдини олиш ва одил судлов масалалари бўйича маслаҳатчиси Мадина Сариева иштирок этди.

А.Саидов мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари масалаларига катта эътибор берилаётгани Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили билан ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг эканига эътиборни қаратди. Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида бугунги кунда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани ҳақида сўз юритар экан, БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси муваффақиятли амалга оширилаётганини эътироф этгани бежиз эмас.

Ўзбекистон БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини қўллаб-қувватлаган ҳолда, терроризмга қарши курашиш бўйича 14 та халқаро конвенция ҳамда протоколни ратификация қилган. Бундан ташқари, мамлакатимизда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Энг асосийси, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”даги олтинчи устувор йўналиш “Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш” деб номланган. Ушбу устувор йўналишнинг “Экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш” сарлавҳали 82-мақсадида белгиланган амалий чора-тадбирлар бу борада келгусида янги натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўз навбатида,  БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитаси экспертлари делегациясининг раҳбари самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, терроризм каби умумбашарий муаммоларга қарши курашишда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ёндашувнинг аслида ҳам жуда муҳимлигини тасдиқлади. Жумладан,  “Миллий хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари – уйғун тушунчалардир”, деб таъкидлади Аҳмед Эссмат Сейф Эл-Давла Аббос.

Самимий ва ишончли мулоқотлар давомида Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашга оид навбатдаги халқаро конвенцияларни ратификация қилиши, “терроризм” тушунчасига ҳар томонлама асосли ҳуқуқий таъриф бериш, миллий қонунчиликни соҳага оид халқаро ҳуқуқ нормалари билан уйғунлаштириш, терроризмга қарши курашнинг миллий институционал асосларини мустаҳамлаш, соҳадаги фаолият юзасидан таълимни ривожлантириш ва мониторинг ишларини такомиллаштириш,  терроризмга қарши кураш борасида давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech