Гендер фаолларини қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер стереотипларини бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди

Бугун, 1 декабрь куни Тошкент шаҳрида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида  “Гендер фаолларини қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер стереотипларини бартараф этиш орқали Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Молия вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, гендер фаолларини қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер стереотипларини бартараф этиш орқали Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашнинг  мақсади  давлат сиёсатида гендер масалаларига кўпроқ эътибор қаратиш, уни самаралироқ юритиш имконини бериш, шунингдек, давлат муассасаларига ўз салоҳиятини мустаҳкамлаш ва гендер тенгликни янада самарали ҳамда яққол таъминлаш учун чинакам амалий пойдевор яратиб бериш ҳисобланади.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача бўлган даврда гендер тенгликка эришиш стратегияси хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратишга, шу жумладан давлат органлари ва ташкилотларида хизмат лавозими кўтарилиши, вазирлик ва идоралар салоҳиятини ошириш, шунингдек, иш жойида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилгани алоҳида қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, тадбир давомида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган “Аёлларга нисбатан зўравонлик ва камситишнинг олдини олиш ва бартараф этишнинг гендер стереотиплари ва патриархал нормаларини умуммиллий ўрганиш” натижалари тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчиларнинг ушбу мавзуда таклиф ва тавсиялари эшитилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар гендер тенгликка эришиш бўйича янги ёндашувлар, ғоялар ва ташаббуслар юзасидан фикр алмашди ҳамда Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш миллий стратегиясини амалга оширишга ҳисса қўшишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech