2022 йилда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига оид 3 та миллий маърузаси БМТ қўмиталарида эшитилди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да Парламент комиссиясининг олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов кириш сўзи билан очди:  

— Инсон ҳуқуқлари ҳар нарсадан устун. «Аввал инсон, кейин жамият ва давлат»деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга чуқур сингдириш, бу борада қилинаётган ишлар кўламини кенгайтириш ва натижадорлигини ошириш муҳим масалалардан биридир. Бу борада комиссия бир неча мақсадларни ўз олдига вазифа қилиб белгилаб олиши лозим. Шунингдек, барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришишни жадаллаштиришда парламентнинг ролини ошириш зарур. Жумладан, парламент фаолиятида, раҳбарлик лавозимларига тайинлашда, барча даражадаги муҳим қарорларни қабул қилишда аёлларнинг тенг ҳуқуқлилик асосида иштирокини таъминлаш, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини тўлиқ амалга оширишни тезлаштириш учун барқарор ва кенг қамровли тикланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришиш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш каби йўналишлар комиссия фаолиятида муҳим ҳисобланади.  

Йиғилишда таъкидланганидек, 2022 йил 5-6 декабрда Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» Глобал форумида инсон ҳуқуқлари соҳасида Янги Ўзбекистон сиёсатини кенг ёритиш масалаларига алоҳида эътибор берилди. Глобал форум сўнгида қабул қилинган Самарқанд ҳаракатлар режасининг моҳиятида сифатли ва ривожланган таълим орқали ҳаётни, дунёни ўзгартириш мумкинлиги акс этди.    

Шунингдек, йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2022 йилда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.  

Ахборотда қайд этилганидек, 2022 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 3 та миллий маърузаси БМТ шартномавий қўмиталарида эшитилди. 95 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилди.  

Бундан ташқари, йиғилишда Парламент комиссиясининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот ҳам кўриб чиқилиб, 2023 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалари белгилаб олинди.  

 

М.Комилова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech