Мамлакатимизда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда жонбозлик кўрсатаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан давлат мукофотлари ҳамда Марказ раҳбарининг ташаккурномалари билан тақдирланди. Жорий йил 30 август куни мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Марказ директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабаев истиқлол шарофати билан халқимиз қўлга киритган ютуқлар, инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган муваффақиятлар, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар тўғрисида атрофлича тўхталди.
Шундан сўнг ҳуқуқ соҳасида узоқ йиллардан бери самарали фаолият кўрсатиб келаётган Марказ ходимлари Абдукамол Пўлатовга II даражали, Фарида Хакбердиевага III даражали “Меҳнат фахрийси”, Марианна Пальновага “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонлари топширилди.
Ўз ишига масъулият билан ёндашиши, меҳнатсеварлиги ва юқори касбий малакаси билан узоқ йиллардан бери ташкилот фаолиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Дилбар Шодмонова, Отабек Норбоев, Комила Олимова, Мухлиса Ҳасанова ҳамда Дилдора Аҳмедова “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
- Давлатимиз раҳбари имзо қўйган гувоҳномани олиб, энг улуғ неъмат – Истиқлолимизнинг 30 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишонини кўксимга таққанимда қалбимдан ўтказган ҳисларни сўз билан ифода этиб бўлмайди, – дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими Д.Аҳмедова. – Бу каби эътироф келгусида ўз ишимизни янада масъулият билан бажаришга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек эзгу мақсад йўлида янада шижоат билан хизмат қилишга ундайди.
Шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг илмий, ижтимоий ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ходимлар – Ғулом Мирзаев, Рустам Атовуллоев, Гўзал Назарова, Ҳамид Равшанов, Жавлон Исмоилов ҳамда Рустам Ҳусановга Марказ директори номидан ташаккурнома тақдим этилди.
Истиқлол айёми арафасида тақдирланган барча ҳамкасбларимизни самимий табриклаймиз!
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали масъул котиби
- Қўшилди: 31.08.2021
- Кўришлар: 3714
- Чоп этиш