Ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” (I SAY YES TO YOUTH IN PARLIAMENT) мавзусида ёшлар парламентлари форуми ташкил этилди.

Ушбу форумда Парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳамда Ёшлар парламентлари аъзолари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, Парламентлараро иттифоқ — турли давлатларнинг миллий парламент гуруҳларини бирлаштирувчи халқаро (ҳукуматлар қарамоғида бўлмаган) ташкилотлардан бири. 1889 йил тузилган. Асосий вазифалари: парламентлар ўртасидаги шахсий алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш. Парламентлараро иттифоқ фаолиятида 170 дан ортиқ давлатнинг парламент гуруҳлари қатнашади. Парламентлараро иттифоқ котибиятининг қароргоҳи — Женева шаҳрида жойлашган.

Учрашувдан кўзланган мақсад ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида, жумладан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда эришилган натижаларни, ёшларнинг давлат бошқаруви ва парламентдаги иштироки масалаларини кенг муҳокама қилиш.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро иттифоқ ижроия қўмитасининг раиси ўринбосари Акмал Саидов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан ўрин олган “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат” - деган фикрлари ер юзидаги ҳар бир мамлакат учун бирдек аҳамиятли эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшларга қаратилаётган мазмундор ислоҳотлар ҳақида сўз очиб, ёшлар ҳуқуқларини таъминлашда Ўзбекистоннинг халқаро минбарлардан билдираётган ташаббуслари алоҳида эътибор билан қабул қилинаётганини таъкидлади.

Парламентлараро иттифоқнинг Бош Котиби Мартин Чунгонг жаноблари ҳам ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда шу каби сиёсий ва маданий-гуманитар ташаббусларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш зарурлигини алоҳида эътироф этди.

Форумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси, Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламентарийлар Форуми аъзоси Абдулло Асланов ўз маърузасида ёшларнинг бугун ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги қонун ижодкорлиги жараёнида иштироки муҳим эканлигини, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида иштирокчиларни яқиндан таништирди.

Шунингдек, форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзолари ҳам сўзга чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, уларга тааллуқли қарорларни қабул қилишда ёшлар парламентининг ўрнини алоҳида тўхталишди.

Ёшлар парламенти аъзоларининг қонунчилик жараёни, парламент фаолияти, ёшлар билан ишлашда тўпланган маҳаллий тажриба ва лойиҳалари форумда кенг муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида Ёшлар парламентлари аъзолари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар, ўз фикр-мулоҳазалари, таклифлари билан фаол иштирок этдилар.

Тадбир якунида қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш бўйича келгуси режалар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилди ҳамда келишув асосида шу каби форматда муҳокамаларни доимий равишда ўтказишга келишиб олинди.

Манба: parliament.gov.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech