Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX қурултойи бўлиб ўтди
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX қурултойи бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, сенаторлар, мазкур жамоат тузилмасининг ҳамкори бўлган вазирлик ва ташкилотлар, идораларнинг мутасаддилари, қурултойга сайланган делегатлар, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ва Халқаро меҳнат ташкилотининг вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари: Федерациянинг 2021-2025 йиллардаги фаолияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида миллий тараққиётнинг янги босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари тўғрисида” маъруза қилди.
Эътироф этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган янгиланиш жараёнлари, инсон манфаатларини таъминлашдаги саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар натижасида халқимиз ҳаёт фаровонлиги тобора ортмоқда.
Айтиш керакки, Федерациянинг 9-қурултойи касаба уюшмалари учун тарихий бўлган кунда ўтмоқда. Сабаби касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳа ходимлари ва фаоллари билан мулоқоти тарихий воқеа бўлди. Юртимиз тарихида мамлакат раҳбарининг касаба уюшмалари вакиллари билан йирик миқёсдаги ушбу учрашуви соҳага қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий натижасидир.
Қурултойда таъкидланганидек, юртимизда кечаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда. Ҳисобот даврида сафи 8 миллион нафар ишчи-ходимлардан иборат бўлган касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш билан бирга меҳнат соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлган 2,5 мингдан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари бўйича таклиф ва тавсиялар киритди.
Тизимда Меҳнат инспекциясининг ташкил этилгани жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасида ишларни янги босқичга олиб чиқди. Ҳисобот даврида касаба уюшмалари инспекторлари томонидан 13 мингдан зиёд ташкилотда қарийб 46 мингга яқин камчилик аниқланиб, уларнинг аксарияти бартараф этилди. Жамоатчилик назорати орқали қарийб 500 минг нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланиб, улар фойдасига 267 миллиард сўм ундириб берилди.
Ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича музокара ва маслаҳатлашув асосида ижтимоий-меҳнатга доир масалалар ҳал этилди.
Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши туфайли меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори кўриб чиқилиб, ўтган беш йил ичида бу миқдор 2 баробарга ошди.
2025 йилга келиб жамоа шартномаларининг сони 2021 йилдаги 110 мингдан 127 мингга, қамраб олинган ходимлар сони эса 4,3 миллиондан 5 миллион 540 минг нафарга етди. Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 960 мингдан ортиқ аёллар, ёшлар ва кексалар манзилли қўллаб-қувватланди.
Таҳлилларга кўра, жамоа шартномаларида ходимлар учун қўшимча имтиёзлар киритилиши натижасида республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга бир йил давомида сарфланган маблағ 10 миллион 89 минг сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 2 баробарга ортган.
Аҳолининг кам таъминланган қатламлари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар бажарилди. “Аёллар дафтари” орқали 4,5 миллион нафар кам таъминланган аёлга кўмак кўрсатилди. Юртимизнинг барча ҳудудларида 969 та кооперация усулидаги лойиҳа туфайли 124 мингдан зиёд аҳоли, жумладан, 90 минг нафардан ортиқ аёлларнинг бандлигини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди. 5 та вазирлик ва унинг таркибий тузилмаларида гендерга оид аудит йўлга қўйилди. Федерациянинг “1211” Ишонч телефонига хотин-қизлардан тушган 200 мингдан ортиқ мурожаатнинг 99,6 фоизида кўтарилган масалалар ҳал этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 11 ноябрнинг “Касаба уюшмалари куни” деб эълон қилиниши соҳа тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилди.
2021 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи ташкил этилди. Илмий изланишлар натижасида мамлакатимизда илк касаба уюшмалари ҳаракати 1905 йилда бошланганлиги ва бу йил унинг ташкил этиганига 120 йил тўлиши архив ҳужжатлари асосида ўз тасдиғини топди.
Ўзбекистон касба уюшмалари тарихида илк бор 2025 йилда ўтказилган сайловларда барча даражадаги касаба уюшмалари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари муқобиллик асосида яшириш овоз бериш йўли билан сайланди. Бу ташаббус Ўзбекистон касаба уюшмалари нуфузини халқаро миқёсда янада оширди.
Ўз сафларида 8 миллион аъзони бирлаштирган касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Малака ошириш институти бугун соҳа мутахассислари учун ихтисослашган таълим муассасасига айланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфида Марказий Осиёда ягона Меҳнат ва ижтимоий мунсабатлар академияси ташкил этилди. Академия бугунги кунда соҳа учун етук мутахассислар тайёрлашда муҳим платформа вазтифасини бажармоқда.
1991 йилдан 2017 йилгача ўтган 26 йил давомида касаба уюшмалари тизимида 1 та янги санаторий қурилган бўлса, охирги 9 йил давомида тизимда 14 та янги санаторий қурилиб, фойдаланишга топширилди ва яна 10 га яқини реконструкция қилинди. Натижада ўринлар сони 2017 йилга нисбатан 2 минг 43 тага ошиб, йилига қўшимча 60 мингдан зиёд аҳолини соғломлаштириш имкони яратилди.
Ҳисобот даврида Федерация тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида 900 мингга яқин фуқаро соғломлаштирилди. Уларнинг 43 фоизига имтиёзли йўлланмалар ажратилиб, саломатлиги мустаҳкамланди.
Президентимизнинг тегишли қарорига кўра, 2022 Федерация тизимида Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилди. Фаолиятини тўхтатган ёки самарасиз ишлаётган 82 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи мазкур қарор асосида Федерация балансига ўтказилди ва тасарруфдаги оромгоҳлар сони 110 тадан ошди. 2020-2025 йилларда 9 та янги болалар оромгоҳи қурилди. 76 таси капитал таъмирланди. 2021-2025 йиллар ёз мавсумида 1 миллион 545 минг нафардан ортиқ бола, шу жумладан, уларнинг 800 минг нафари стационар, 700 минг нафардан зиёди кундузги оромгоҳларда соғломлаштирилди.
Федерациянинг “Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси” фаолиятини кенгайтириш юзасидан ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Жумладан, 2024 йилда “Яккасарой” спорт-соғломлаштириш мажмуасида халқаро талабларга жавоб берувчи сув спорти саройи қуриб, фойдаланишга топширилди. Кейинги йилларда сўнгги йилларда касаба уюшмалари спортчилари Олимпиада, Жаҳон ва Осиё чемпионатларида 123 та олтин, 130 та кумуш ва 72 та бронза медални қўлга киритди.
Ҳисобот даврида халқаро ҳамкорлик кучайди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан 2021 йилда Тошкентда Марказий Осиё Мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилди. 2023 йилда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия иштирокижда Туркий давлатлар касаба уюшмаси ташкилотига асос солинди.
2024 йил декабрда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилингани мамлакатимиз касаба уюшмаларининг жаҳон касаба уюшмалари ҳаракатида ўзининг нуфузли ўринига эга бўлиб бораётганини намоён этади.
Қурултойда меҳнат муҳофазасига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш соҳасидаги ишларни ҳам кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссиясининг 2021-2025 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам тингланди.
Тадбирда Қурултой номига халқаро ташкилотлар, кўплаб хорижий давлатларнинг касаба уюшмалари миллий марказларидан йўлланган табриклар ўқиб эшиттирилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Бош жамоа келишуви ҳар уч йилда имзоланиб келинмоқда. Мазкур келишув Ўзбекистон Республикасида келишилган ҳолда ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб боришнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи ҳужжат ҳисобланади. 2023-2025 йиллар учун Бош келишувнинг амал қилиш муддати тугаётгани сабабли Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси томонидан 2026-2030 йиллар учун янги Бош жамоа келишуви лойиҳаси тайёрланиб, унда “Ўзбекистон-2030” стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан жорий йилнинг 17 октябрь куни ўтказилган учрашувида билдирилган таклиф ва тавсиялар ҳам ўз ифодасини топган. Келишув лойиҳаси манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан келишиб олинди ва имзога тайёрланди.
Қурултой доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси раиси Отабек Ашуров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов томонидан янги Бош жамоа келишуви имзоланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацясининг ҳисобот давридаги фаолияти делегатлар томонидан қониқарли деб топилди.
Рафиқов Қудратилла Мирсагатович кўпчилик овоз билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг раиси этиб сайланди.
Шундан сўнг Федерация раисининг ўринбосарлари сайлови бўйича яширин овоз бериш натижалари эълон қилинди.
Федерация органлари таркиби ва Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари ва раисини сайлаш жараёнлари делегатлар таклифига кўра очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилди.
Қурултойда шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 17 октябрда Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида»ги масала кўриб чиқилди.
Назокат Усмонова,
Рустам Назарматов (суратлар), ЎзА
 Ўзбекча
 English
 Русский