Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури лойиҳаси – жамоатчилик муҳокамасида

2011 йил 19 декабрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинган. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия универсаллик, бўлинмаслик, ўзаро боғлиқлик тамойилларига мувофиқ барча учун инсон ҳуқуқларига ҳурматни рағбатлантириш, ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш учун фундаментал асосга эга.

Декларация давлатларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни таъминлаш ва рағбатлантириш бўйича асосий масъулиятни юклайди.

2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг барча бўлинмаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида  Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури (кейинги ўринларда – Жаҳон таълим дастури) эълон қилинди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Жаҳон таълим дастурининг глобал даражада мувофиқлаштиришни амалга оширишга киришди.

Жаҳон таълим дастури доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббусдир. Унда барча йўналишларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида  давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни бошланғич ва ўрта мактаб, олий таълим тизимида, ўқитувчи ва тарғиботчилар, давлат хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва барча даражадаги ҳарбийлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида сингдириб боришлари лозимлиги белгиланган.

Жаҳон таълим дастурининг биринчи босқичида (2005-2009 йиллар) – инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг бошланғич ва ўрта таълим тизимига интеграциялашувини, иккинчи босқичида (2010-2014 йиллар) – инсон ҳуқуқлари соҳасида олий таълим тизимида таълимни ташкил этиш ҳамда ушбу соҳада ўқитувчилар, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳарбийларни тайёрлашни; учинчи босқичида (2015-2019 йиллар) – иккита босқични давом эттириш ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистларни инсон ҳуқуқлари соҳасида тайёрлаш назарда тутилган.

2020-2024 йилларда Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда. Ушбу янги босқич ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситимаслик руҳида тарбиялаш ва инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга қаратилгандир.

Ўзбекистон ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон таълим  дастурида фаол иштирок этмоқда. Шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2021 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Мазкур фармойишга мувофиқ, Миллий комиссия зиммасига халқаро шартномалар нормалари ва стандартлари, БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалари тавсиялари ҳамда тарихий, миллий ва маданий қадриятларини инобатга олган ҳолда, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитасини ишлаб чиқиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бошчилигида вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Мазкур ҳужжатларнинг дастлабки лойиҳаси 30 дан ортиқ вазирлик, идора ва ташкилот, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари томонидан келиб тушган таклиф ва тавсиялар асосида ишлаб чиқилди ва такомиллаштирилди.

Мазкур ҳужжат лойиҳаларини 10-11 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусидаги халқаро конференция доирасида муҳокама этиш ҳамда янада такомиллаштириш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 7 та асосий йўналишдан иборат.

Биринчи йўналиш – ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш.

Иккинчи йўналиш – давлат хизматчилари учун инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги соҳасида таълим тизимини такомиллаштириш.

Учинчи йўналиш – инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш.

Тўртинчи йўналиш – аҳолининг изоляциядаги ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида ўқитиш тизимининг самарадорлигини ошириш.

Бешинчи йўналиш – инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш.

Олтинчи йўналиш – замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбияни мустаҳқамлаш тизимининг самардорлигини ошириш.

Еттинчи йўналиш – инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ҳамқорликни амалга ошириш.

Кенг жамоатчилик вакилларининг таклифлари асосида Миллий таълим дастури ва Йўл харитасилойиҳаларини янада такомиллаштириш мақсадида ушбу ҳужжатлар матни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг расмий саҳифасига жойлаштирилди.

Жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 15 декабрига қадар давом этади. Барча фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари Миллий таълим дастури ва Йўл харитасилойиҳалари юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини info@nhrc.uz электрон почта манзили орқали юборишлари мумкин.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech