Ўзбекистон мустақил давлат мақомига эга бўлгандан сўнг бир йил ўтиб, 1992 йил 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган. Бу муҳим воқеадан кейин қарийб 30 йил ўтиб эса яна бир тарихий воқеа юз берди – 2020 йил охирида Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига уч йил муддатга сайланди.
Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиши – жаҳон ҳамжамиятининг юксак эътирофидир. Бу улкан воқеа мамлакатимизнинг янги ташқи сиёсатини, хусусан, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган амалий ҳаракатларини қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос юксак ифодасидир.
Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги турли халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
2021 йил 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқи Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш тамойилига содиқлигини эътироф этгани билан экспертлар ва сиёсатшунос олимлар эътиборини ўзига қаратди.
Ўзбекистоннинг ташаббусларидан бири – бу Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишдир. Бу глобал форумда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришнинг ҳолати ва истиқболлари таҳлил қилинади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ўрнатилган халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг устувор йўналишларидан биридир. БМТ ташкил топганидан бери инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва инсон ҳуқуқларига оид халқаро нормалар ва принциплар тўғрисида маълумот тарқатиш масаласи унинг диққат марказида бўлиб келмоқда.
1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам инсон ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилиниши учун инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари соҳасидаги таълим ва тарбиянинг аҳамияти муҳимлиги таъкидланган.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизими фаолияти доирасида инсон ҳуқуқлари таълимининг асосий тамойиллари, мақсади ва вазифалари, мақсадли гуруҳлари, шакл ва усулларини белгиловчи халқаро дастур ва ҳужжатлар яратилган.
Ўзбекистонда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга доимо алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, 2019 йили Ўзбекистон парламенти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия декларациясини ҳамда Декларация қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини қабул қилди.
Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқларига оид таълим бўйича Бутунжаҳон дастурининг тўртинчи босқичи ғоялари ва қоидаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Инсон ҳуқуқлари ва таълимни тарғиб қилишда маҳаллий, миллий ва глобал даражадаги кенг аҳоли қатламларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Назира Рахматиллаева,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририяти мутахассиси
- Қўшилди: 26.02.2021
- Кўришлар: 4875
- Чоп этиш