Ўзбекистонда биринчи марта: «Фаол фуқаролар» умуммиллий фестивали

8 февраль куни Тошкент шаҳрида «Фаол фуқаролар» умуммиллий фестивали бошланди. Ушбу фестивалга "Президент Мурожаатномаси — Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг янги босқичи” мавзусида ташкил этилган халқаро конференция доирасида старт берилди.

Фестивал «Юксалиш» умумиллий ҳаракати, Aдлия вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда AҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Қозоғистоннинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (AGRO) ва қатор ҳамкорлар кўмагида ташкил этиляпти, деб хабар тарқатди kun.uz сайти.

Фестивалдан мақсад – ислоҳотлар жараёнларининг барча иштирокчилари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича тавсия ва таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов фестивалнинг очилиш маросимида таъкидлаганидек, фестивал доирасида 10 та вилоят марказларида 20 дан ортиқ тадбир ўтказилади. Тадбирлар конфeренция, тақдимот, маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари шаклида ташкиллаштирилади. Бундай кўламдаги тадбир Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилмоқда.

Беш кун давом этадиган фестивал нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари, ОAВ вакиллари ва 2 мингдан зиёд иштирокчиларни қамраб олиши режалаштирилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech