Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг 2021 йил 22 июнь куни Тошкентга шаҳрига ташриф буюрди.
Бу мазкур нуфузли халқаро ташкилот раҳбарининг Ўзбекистонга илк ташрифи ҳисобланади.
Бугун Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери билан учрашди. Мўътабар меҳмон Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтадиган “Парламентда ёшларни қўллаймиз” мавзусидаги ёшлар парламент форумида иштирок этади.
23-24 июнь кунлари Мартин Чунгонг Бухоро шаҳрида бўлиб ўтадиган "Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик" халқаро форумида иштирок этиши режалаштирилган.
25 июнда Парламентлараро Иттифоқ Бош котибининг Самарқанд шаҳрида кенг жамоатчилик ва дин арбоблари иштирокида ташкил этиладиган “Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашда парламентнинг роли” мавзусидаги парламент форумида иштирок этиши кутилмоқда.
Маълумот учун: Мартин Чунгонг – 130 йилдан кўпроқ тарихга эга нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланувчи Парламентлараро Иттифоқнинг саккизинчи Бош котибидир. У ушбу Ташкилот тарихида бундай юқори лавозимга кўтарилган дастлабки европалик бўлмаган мутахассис ҳисобланади.
Мартин Чунгонг камерунлик халқаро сиёсатчи бўлиб, парламентлар тизими бўйича 40 йиллик миллий ва халқаро иш тажрибасига эга. У маълумотига кўра – тилшунос. Яунде (Камерун) ва Оттава (Канада) университетларининг профессори. Инглиз, француз ва испан тилларида эркин сўзлашади.
Мартин Чунгонг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, парламентаризмни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳолатини яхшилаш борасидаги ўзгаришларни ижобий баҳолайди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини қабул қилишга доир ташаббусини халқаро ташкилотлар раҳбарлари орасида биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган.
Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг 2020 йил августида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида виртуал режимда иштирок этган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.06.2021
- Кўришлар: 3844
- Чоп этиш