Прокуратура органлари ходимлари куни нишонланмоқда
8 январь - Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Қутловда сўнгги йилларда прокуратура органлари фаолиятида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида улар халққа яқин бўлиб, инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини бевосита жойларда таъминлаётган тизимга айлангани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, ўтган йилда қарийб 512 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, 54 мингга яқин мурожаат, жумладан, 29 мингга яқин тадбиркор масалалари ижобий ҳал этилгани прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини яққол кўрсатиб турибди.

Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тизимли профилактика ишлари асосида оғир тоифадаги маҳаллалар сони қарийб 1,5 баробар камайди. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида минглаб ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб, давлат ва жамият манфаатларига етказилган катта миқдордаги зарарлар ундирилди.

Президентимиз табригида рақамлаштириш, кибержиноятларга қарши курашиш, тергов жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш долзарб вазифа экани алоҳида таъкидланди. Прокуратура ходимлари қонун устуворлиги ва адолат тимсоли бўлиши, халқ ишончини оқлаши зарурлиги қайд этилган.
Тадбирда Президент фармони билан орден ва медаллар билан тақдирланган прокуратура ходимларига Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Нодира Ҳакимова ушбу юксак мукофотларни топширди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский